27 октябрь куни Рига шаҳрида Ўзбекистоннинг Латвия ва Финляндиядаги элчиси Қадамбой Султонов, Латвия Ташқи ишлар вазирлиги давлат котиби ўринбосари Анжейс Вилумсонс, давлат ва бизнес идоралар вакиллари иштирокида Ўзбекистон фахрий консулхонасининг очилиш маросими бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Бу Ўзбекистоннинг Болтиқбўйидаги биринчи фахрий консуллиги бўлиб, унга Ригадаги Ўзбекистон cавдо уйи раҳбари, Outdoor Media асосчиси ва директори Владимир Гальперин консул этиб тайинланди. Маросим давомида унга тегишли консуллик патенти топширилди.

Янги фахрий консул Латвияда жойлашган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, латвиялик сармоячи ва сайёҳларни Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакат бозорларига маҳаллий маҳсулотлар экспортини кўпайтириш жараёнларида фаол иштирок этади, дейилади хабарда.

Латвия ва бошқа Болтиқбўйи мамлакатлари меҳнат миграциясини тартибли ташкил этиш, маданий-гуманитар ва бошқа алоқаларни ривожлантиришга ҳам кўмаклашиши айтилмоқда.

Маросимда консулликнинг очилиши ва Тошкент шаҳрида Латвия инвестициялар ва тараққиёт агентлиги ваколатхонаси фаолиятини бошлаши икки мамлакат ўртасидаги савдо-инвестициявий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик асосларини ҳамда институционал муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши алоҳида таъкидланди.