30 апрель куни умумхалқ муҳокамаси билан қабул қилинган ва 1 майдан кучга кирган янги таҳрирдаги Конституциянинг 27-моддасида «Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт»лиги (Миранда қоидаси) белгилаб қўйилган.

Хўш, мазкур қоида амалда қанчалик ишлаяпти? «Газета.uz» 9 август куни Бош қомус кучга кирган санадан бошлаб, Бош прокуратура ва ИИВ ходимлари томонидан шахсларни бирон-бир жиноятда гумонлаб, ҳибсга олиш жараёнида уларга Миранда қоидаси тушунтирилаётгани ёки йўқлиги ҳақида сўров юборди. Шу қаторда, таҳририят блогер Олимжон Ҳайдаровнинг қўлга олиниши вақтида унга барча ҳуқуқлари тушунтирилгани акс этган видео тасвирларни (тергов сири бўлгани учун оммага эълон қилмаслик шарти билан) танишиб чиқиш мақсадида тақдим этишни сўради.

Сўровга ИИВдан матбуот хизмати раҳбари Шоҳруҳ Ғиёсов жавоб берди.

«Ички ишлар органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27-моддасига мувофиқ, „Миранда қоидаси“ талаблари асосида ушланган шахсга сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги, унга тушунарли тилда илк сонияларданоқ тушунтирилади. Шу билан бирга, мазкур хатда келтирилган ҳолатларда ҳам (жумладан, Олимжон Ҳайдаровни қўлга олиш ҳам назарда тутилмоқда — таҳр.) юқорида келтирилган ҳуқуқий ҳаракат амалга оширилган», — дейилади вазирлик расмийси жавобида.

Бироқ, ИИВ матбуот котиби янги Конституция кучга кирган санадан бошлаб қанча фуқаро жиноятда гумонланиб қўлга олинганига оид статистикани, шу қаторда блогер ҳибсга олиниши жараёнида тасвирга олинган видеони тақдим этмади.

Бундан ташқари, Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов бундай маълумот фақат ИИВ ва Бош прокуратурада мавжудлигини маълум қилди.

Август бошида Бош прокуратурага юборилган расмий сўров жавобини олишнинг эса имкони бўлмади.

Қайд этиш жоиз, ҳуқуқ-тартибот органлари вақти-вақти билан тезкор тадбирларда олинган тасвирларни эълон қилиб келади. Аммо ҳуқуқ-тартибот органлари шу вақтгача гумонланувчи шахсларни ушлаш вақтида уларга ходимлар томонидан ҳуқуқлари эслатилаётган тезкор тадбирларнинг бирор видеотасвирини оммага кўрсатгани йўқ.

Блогер иши

Эслатиб ўтамиз, Олимжон Ҳайдаров 29 июль куни ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинганди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланмоқда.

10 октябрь куни тергов органи Ҳайдаровга нисбатан Жиноят кодексининг 139-моддаси 2-қисми (Оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали туҳмат қилиш), 139-моддаси 3-қисми «а» банди (Оғир ёки ўта оғир жиноят содир этишда айблаб туҳмат қилиш), 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Жабрланувчини ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан боғлиқ ҳолда ҳақорат қилиш), 165-моддаси 2-қисми «а» «б» бандлари (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда товламачилик қилиш) билан айб эълон қилган. Унга 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

Ишда беш нафар даъвогар ва жабрланувчи хусусан, Қўқон шаҳри ҳокими Маруфжон Усмонов, (бунгача президент давлат маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаган), Нуриллохон Тешабоев (Ўзбекистон тумани ички ишлар бўлими ўринбосари — жамоат хавфсизлиги хизмати бошлиғи бўлиб ишламоқда ёки илгари ишлаган), Воҳиджон Содиқов (у ҳам тахминан ички ишлар органларида ишлайди), шунингдек, Фахриддин Абдуваҳобов ва Олим Хасанов бор.