Президентнинг тегишли қарори билан Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекциясига Жамшид Абдухамидович Каримов раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Жамшид Каримов 2020 йил февраль ойидан бери Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари — йўл ҳаракати хавфсизлигини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.

Ундан аввал эса Каримов Тошкент ИИБ ЙҲХБ бошлиғининг биринчи ўринбосари — йўл-патруль хизмати бригадаси командири лавозимида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Темир йўлларда юк ва йўловчи ташиш хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси, Йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси ва Автомобиль ташувларини назорат қилиш инспекцияси ягона инспекцияга — Транспорт назорати инспекциясига айлантирилган.