Россиялик таниқли урбанист Аркадий Гершман ўзининг Telegram каналида Самарқанд шаҳри марказида қурилаётган йўл ўтказгич туннели ҳақида ўз фикрларини билдирди. Урбанист бу қурилишни «барчанинг ҳаётини бузадиган ёмон лойиҳа» деб атади.

Маълумот ўрнида, «Газета.uz» аввалроқ Самарқанд шаҳри марказида 2 та йўл ўтказгич туннели қурилишига тайёргарлик бошлангани ҳақида хабар берганди. Шунингдек, биз «[НО]Қулай шаҳар» лойиҳаси доирасида мазкур қурилишлар режалаштирилган чорраҳалардан бирига бориб, урбанист Искандар Солиев билан Самарқанд шаҳрига йўл ўтказгичлар қанчалик кераклиги ҳақида суҳбатлашганмиз. Урбанист бу объектлар шаҳар учун зарарли ва кераксиз эканини таъкидлаганди.

Гершманнинг айтишича, бу лойиҳа яхши ният билан қилинаётган ёмон иш ҳисобланади ва бўйинга қарз сиртмоғи илиш саналади.

«Иккита жуда кенг тарқалган нотўғри тушунчалар мавжуд: ҳар қандай янги қурилиш яхши; тирбандликларни бартараф этиш учун фақат светофорни олиб ташлаш ва йўл ўтказгич қуриш керак. Шаҳар ташқарисидаги йўлларда йўл ўтказгичлар ҳақиқатан ҳам ёрдам беради, лекин биз кўчалар ҳақида гапирадиган бўлсак, йўл ўтказгич тирбандликни 100 метр нарига суриб қўяди, холос, [бунинг устига] атрофдаги ҳамма учун қулай муҳитни ўлдиради, одамлар йўл четида яшашга мажбур бўлади. Математиклар ва транспорт соҳаси мутахассислари ўтган асрдаёқ янги йўллар ва оддий чорраҳалар ўрнига қурилган йўл ўтказгичлар фақат кўчада автомобиллар сонининг кўпайиши ва янги тирбандликларга сабаб бўлишини исботлаган, шунинг учун ақлли шаҳарлар анчадан бери бундай амалиётдан фойдаланмайди. Улар бунинг ўрнига пулни жамоат транспорти, пиёда ва велосипед инфратузилмасига сарфлайди. Бу — базавий тушунча», — деб ёзган Аркадий Гершман.

аркадий гершман, самарқанд, туннель

«Самарқандда шаҳар четидаги янги ҳудудга аҳоли яшайдиган уйлар орасидан йўл қуриш ва марказдаги кўчани йўл ўтказгичли трассага айлантиришга қарор қилишди. Бунинг учун аллақачон янги йўлаклар қўшиш мақсадида бир қанча катта дарахтлар кесилган ва туннеллар қуриш учун коммуникациялар кўчирилмоқда. Бу ерда шаҳарни режалаштириш ва дизайн соҳасидаги классик хатолар такрорланмоқда: аввал бўш майдонда турар жойлар қурамиз, кейингина ундан одамлар қандай қилиб шаҳарга кириб-чиқиши ҳақида ўйлай бошлаймиз ва кенг тротуарларга эга яшнаб турган кўчани асфальт трассага айлантирамиз», — дея қўшимча қилган у.

Гершман, деталлар ҳақида гапирилса, вазият янада ёмон эканини, туннеллар чорраҳаларнинг ўтказиш қобилиятини оширмаслигини, йўл ўтказгич тирбандликлардан қутқармаслигини, фақат янгиларини яратишини таъкидлаган ва самарқандликлар учун бу ҳодиса сўнгги йиллардаги бошқа йўл лойиҳалари орқали таниш эканини айтган.

«Олимпия стадиони ёнидаги туннелга салом», — деб ёзган Аркадий Гершман.

«Қизиғи, ҳаммаси шу билан тугамайди, чунки улар бу бемаъни қурилиш лойиҳасини қарзга олинган пул билан бошлашди! Республика маъмурияти Абу-Даби тараққиёт жамғармасидан 17 йилга 300 млн доллар кредит олди, маҳаллий амалдорлар ҳам нима учундир бу лойиҳага унчалик қаршилик кўрсатмади. Ва буларнинг барчаси яна ўша бюджетдан пул ажратиб ишлаб чиқилган, шаҳар ичида трассалар ва йўл ўтказгичлар қуришни назарда тутмайдиган транспорт бош режаси фонида рўй бермоқда. Қолаверса, транспорт соҳаси мутахассислари бош режага ўша янги ҳудудга трамвай линияси қуришни ҳам киритишган, аммо бу қурилиш кейинга қолдирилган… пул йўқлиги сабабли», — дейди урбанист.

Аркадий Гершман бу лойиҳа орқали шаҳар фоизлари билан тўланадиган қарз эвазига ўзига муаммо яратаётганини ҳам қайд этиб ўтган.

«Оқибатда биз автомобиль ҳайдовчиларига тиғиз вақтдаги шароитни яхшиламайдиган, тунда кўчани пойга йўлига айлантирадиган, автобуслардан трамвайга қулай ўтишга имкон бермайдиган, шаҳар марказида яшовчи аҳоли учун қулай муҳитни ўлдирадиган, кўча бўйлаб жойлашган бизнесларнинг ёпилишига олиб келадиган лойиҳага эга бўлдик. Ва буларнинг барчаси учун қарзни фоизлари билан тўлаш керак бўлади! Ушбу қурилишнинг ягона ижобий томони — туннелларни қуриш учун кўча остидаги коммуникацияларни янгилаш бўлиши мумкин. Аммо аҳоли бир кўчада қувурлар янгилангани туфайли яхшиланишни сезиши қийин — коммуникацияларни нуқтали эмас, комплекс алмаштириш керак», — дейди у.

Урбанист муаммони қандай қилиб ақлли тарзда ҳал қилиш мумкинлигини ҳам айтган.

аркадий гершман, самарқанд, туннель

«Менинг ҳамкасбим Александр Девяткин тиғиз соатларда оқимни ҳисоблаб чиқди ва Рудакий-Гагарин чорраҳасини янада самаралироқ дизайнда моделлаштирди. Маълум бўлишича, бу ерда туннель керак эмас: йўлаклар йўналишларини ва светофор циклларини ўзгартириш орқали бу ерда автомобиллар ҳаракатини яхшилаш мумкин, энг муҳими, шаҳар четидаги ўша янги ҳудудга тезюрар автобус линиясини ўтказиш учун жой бор! Ҳатто янги дарахтлар учун ҳам жой қолади. Бу ҳозирги йўлнинг чегараларида ҳеч қандай алмашишсиз ҳамма учун яхшилик қилиш мумкин бўлган камдан-кам ҳолатлардир! Аммо, афтидан, амалдорларга аҳоли учун ҳаётни ҳақиқатда яхшилашдан кўра қурилишдан пул топиш қизиқроқ кўринади», — деб ёзган у.

Эслатиб ўтамиз, «Газета.uz» туннеллар қурилиши юзасидан аҳоли ва бизнес фикрларини ҳам ўрганган. Биз мурожаат қилган фуқароларнинг кўпи бу қурилишлардан норози эканини таъкидлаган, лекин камера олдида гапиришни истамаганди.