28 октябрь куни эрталаб Тошкент шаҳри Шайҳонтоҳур тумани Беруний кўчасидаги Ecobozor мажмуасида ёнғин чиқди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бу ҳақда бошқармага соат 06:58 да хабар келиб тушганини маълум қилди.

Шунга кўра 5 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 07:04 да воқеа жойига етиб борган. Ёнғин 15 дақиқада ўраб олиниб, 07:26 да ҳодиса бартараф этилган.

Ёнғин оқибатида савдо мажмуасининг 80 кв.м ташқи девор қопламаси қисми ва шу жойдаги кафенинг 70 кв.м майдонида ички ва том қисми ёниб зарарлангани айтилмоқда.

Савдо мажмуасининг 7000 кв.м майдони ёнғиндан сақлаб қолинган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаган ёки ҳалок бўлмаган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда, дейилади хабарда.