Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятидаги Костенко кўмир конида юз берган портлаш оқибатида камида 28 нафар кончи ҳалок бўлди, деб хабар берди мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

28 октябрь куни эрталаб шахтадаги портлаш ҳақида корхонага эгалик қилувчи «АрселорМиттал Темиртау» (АМТ) компанияси матбуот хизмати хабар қилган.

«Тахминларга кўра, лавада метан газ портлаши содир бўлган», — дейилади хабарда.

Компаниянинг таъкидлашича, ҳодиса вақтида ер остида 252 нафар кончи бўлган, улардан 206 нафари ер юзасига чиқарилган. Яна 16 кишини қидириш ишлари давом этмоқда, дея аниқлик киритди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги.

Қозоғистон Бош прокуратураси тоғ-кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш моддаси бўйича судгача тергов бошланганини эълон қилди.

Ҳодисадан сўнг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев Қарағанда вилоятига борди ва у ерда ҳалок бўлган кончиларнинг яқинлари билан учрашиб, ҳамдардлик билдирди, деб хабар қилди Акорда.

Давлат раҳбари ҳукуматга «АрселорМиттал Темиртау» билан сармоявий ҳамкорликни тўхтатиш бўйича топшириқ берди. Воқеа сабабларини аниқлаш учун ҳукумат комиссияси тузилди.

Тоқаев, шунингдек, 29 октябрни ҳодиса қурбонлари хотирасига миллий мотам куни деб эълон қилди.

Кейинроқ «АрселорМиттал» компанияга эгалик ҳуқуқини Қозоғистон расмийларига ўтказиш бўйича келишув юзасидан дастлабки ҳужжатларни имзолаганини тасдиқлади.

  • Бу АМТга қарашли шахтада сўнгги икки ой ичида содир бўлган иккинчи авариядир. Август ойида Қозоғистон конида конвейер тасмаси ёниб кетган, оқибатда беш нафар кончи ҳалок бўлган, яна 13 нафари жароҳатланган эди. Октябрь ойи бошида ҳам ёнғин бартараф этилмаган эди.
  • Ҳукумат комиссияси Қозоғистон конидаги авария учун унга эгалик қилувчи компанияни айбдор деб топди. «Комиссия ишининг натижаларига кўра, иш берувчи 100 фоиз айбдор деб топилди, қонун бузилишига йўл қўйган 28 нафар масъул аниқланди», — деди Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ўша пайтдаги раҳбари Сирим Шарипханов.

Ўзбекистон президент Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президентига Костенко конида рўй берган портлаш оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади.

Давлатимиз раҳбари кон ичида қолаётган кончилар тез фурсатда қутқарилишига умид билдирди, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.