Хитой Давлат кенгашининг собиқ бош вазири Ли Кэцян 27 октябрга ўтар кечаси 68 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда «Синьхуа».

Ахборот агентлиги хабарига кўра, Кэцян тўсатдан юрак хуружига учраган ва кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, вафот этган.

Охирги кунларда Ли Кэцян Шанхайда даволанганди. Ли Кэцян 2013 йил мартидан 2023 йил мартигача Хитойнинг олий давлат ижроия органи бўлган Давлат кенгаши бош вазири лавозимида ишлаган.

Хитой қонунчилиги учинчи муддатга қайта сайланишига имкон бермагани учун у ўз лавозимини тарк этган.

Ли Кэцян Ўзбекистонга бир неча бор — 2009, 2013, 2019 ва бошқа йилларда ташриф буюрган.