Сирдарё вилоятида қалбаки 8370 АҚШ долларини муомалага чиқаришга уринишнинг олди олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.

Департаментнинг Гулистон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда Янгиер шаҳар А.Жомий МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида икки нафар фуқаро қўлга олинди.

Уларнинг ёнида 33 дона 100 долларлик қалбаки банкнот, 101 дона 50 долларлик қалбаки банкнот ва битта 20 долларлик банкнот бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.