Ижтимоий тармоқларда Weltmeister электромобили катта тезликда Hyundai автомобилига урилиб, сўнг яна 4 та машина билан тўқнашгани акс этган видео тарқалди.

Видеолавҳада орқага қараб ҳаракатланаётган Hyundai машинасига катта тезликда келган электромобиль урилганини кўриш мумкин. Шундан сўнг бу тўқшанув оқибатида яна бир нечта тўхтаб турган автомобилга шикаст етган.

Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг «Газета.uz» сўровига жавобан маълум қилишича, воқеа 31 март куни соат тахминан 01:30 да Миробод тумани Госпиталний кўчасида содир бўлган. Weltmeister автомашинасини 53 ёшли М.Г. исмли аёл бошқарган.

Hyundai билан содир бўлган ЙТҲ оқибатида Weltmeister машинаси, шунингдек, Lacetti, Spark, Damas ва «ВАЗ-2106» автомобиллари билан ҳам тўқнашган.

Ҳодиса оқибатида Weltmeister электромобили ҳайдовчиси ва йўловчиси ҳамда Hyundai автомобили ҳайдовчиси тан жароҳатлари олиб, шифохонага ётқизилган.