Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 26 октябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади.

У ўз нутқида юқори технологияларни ривожлантириш мақсадида янги иқтисодий мулоқот дастурини қабул қилишни таклиф этди.

Ўзбекистон ҳукумати раҳбари ушбу дастур инновацион ривожланиш, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва бошқа истиқболдаги соҳаларни қамраб олиши кераклигига аниқлик киритди.

«Бу соҳаларда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида 2024 йилда Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар минтақаларининг инновацион шериклик ҳафталигини ўтказиш, унда юқори технологиялар қўшма кўргазмасини ташкил этишни режалаштирганмиз», — дея қўшимча қилди Абдулла Арипов.

Минтақа давлатларининг ўзаро коммуникация алоқадорлиги ҳам ШҲТ ривожида муҳим омил бўлиб қолаётганини таъкидлади. Ўзбекистон ҳукумати раҳбари бугунги кунда «Шимол-Жануб» ва «Шарқ-Ғарбий» автомобиль йўлларини ривожлантириш бўйича стратегик лойиҳалар фаол илгари сурилаётганини эслатди.

«Шу муносабат билан „Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон“ темир йўли қурилиши лойиҳаси бўйича амалий ишларнинг бошланиши алоҳида аҳамиятга эга. Биз ушбу йўналиш бўйлаб, шунингдек, Афғонистон орқали Эрон ва Покистон портлари томон Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига чиқиш имкониятига эга бўлган мультимодал юк ташиш тарафдоримиз», — дея қўшимча қилди Ўзбекистон бош вазири.

У, шунингдек, ШҲТ мамлакатлари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш тизимидаги узилишлар шароитида ташкилот ҳудудида озиқ-овқат маҳсулотлари ҳаракатининг соддалаштирилган механизмларини таъминлаши кераклиги ҳақидаги фикрни илгари сурди.

Ўзбекистон бош вазири озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бугунги кунда ниҳоятда долзарб эканини таъкидлади. Хусусан, жаҳон иқтисодиётидаги мураккаб вазият қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш занжирида узилишларга олиб келди, бу эса нархларнинг ошишига таъсир кўрсатмоқда.

Абдулла Арипов ушбу муаммолар сентябрь ойи бошида Самарқандда ШҲТ вакиллари иштирок этган озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференцияда ҳам муҳокама қилинганини эслатди.

«Анжуманда ақлли қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сувни тежаш орқали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди», — дея қўшимча қилди Арипов.

Бундан ташқари, Ўзбекистон бош вазири ШҲТ давлатларини қулай минтақавий туризм маҳсулотларини ривожлантиришга таклиф этди. ШҲТ давлатларининг туризм маъмуриятлари, етакчи операторлари ва авиакомпаниялари, шунингдек, туризм соҳасидаги ихтисослаштирилган таълим муассасалари ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.