АҚШнинг Мэн штатидаги Люистон шаҳрида содир бўлган оммавий отишмада камида 22 киши ҳалок бўлди, 50 дан ортиқ киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда CNN.

Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, отишма икки жойда — Schemengees бари ва Sparetime Recreation боулинг майдонида содир бўлган. Маҳаллий аҳоли уйларда қолишга чақирилди, мактабларда дарслар бекор қилинди.

Ўт очган шахс 40 ёшли Роберт Кард эканлиги аниқланди. Полиция гумонланувчини излашда давом этмоқда, унинг қуролли ва ўта хавфли эканлиги ҳақида огоҳлантирмоқда.

Washington Post нашрига кўра, Кард — захирадаги аскар, 2023 йил аввалида руҳий саломатлик билан боғлиқ муаммолар билан курашган ва ёзда икки ҳафта руҳий касалхонада бўлган.

Оқ уйнинг билдиришича, АҚШ президенти Жо Байден воқеа юзасидан хабардор қилинган ва у тезкор маълумот олишда давом этади.

  • Люистон, Мэн штатидаги иккинчи энг зич шаҳар. У штатнинг энг йирик шаҳри Портленддан 58 километр узоқликда жойлашган.
  • Gun Violence Archive нотижорат ташкилоти маълумотларига кўра, Люистондаги отишма 2023 йилда Қўшма Штатлардаги 565-оммавий отишма ва 31-оммавий қотиллик бўлди.