Тахтақорача довонида туннель қурилади. Бу ҳақда 25 октбярь куни Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказган йиғилишда маълум қилди.

Давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу довондан ўтиш талабларини енгиллаштиришни топшираркан, 2024 йилда мазкур довонда янги туннель ва йўл қуриш лойиҳаси бошланишини маълум қилди.

Август ойида Туркиянинг Cengiz Holding компанияси Тахтақорача довони орқали узунлиги 7 км бўлган туннель қуришни режалаштиргани ҳақида хабар берилганди. Лойиҳа қиймати 200 млн долларга баҳоланган, объектни 30 йилга хусусий шерикликка бериш кўзланган.

Йиғилишда, шунингдек, хитойлик инвесторлар билан бирга Самарқанд билан Шаҳрисабзни боғловчи 30 километр йўлни таъмирлаш ишлари бошланиши қайд этилди. Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнеу йўлининг Қашқадарёдан ўтган 100 километр қисмини таъмирлашга 122,5 миллион доллар жалб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг октбярь ойида президентдан вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида «Саҳродан музликкача» туристик магистралини қуриш доирасида Шаҳрисабзни Самарқанд билан боғлайдиган, Чироқчи тумани ҳудудидан ўтувчи 30 километрлик 4К342 автомобиль йўли таъмирланиши бўйича амалий ёрдам сўралганди.