Жорий йилнинг 25 октябрь куни Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича йил якунига қадар қилинадиган ишлар ҳамда келгуси йилдаги вазифалар юзасидан видеоселектор бўлиб ўтганди.

Йиғилишда президент нафақат вилоят ҳокими, балки бевосита туман ҳокимларига ҳам юзланди.

«Туман ҳокими одамларни дарди билан яшаётган бўлса, бу йил нима хато қилдим деган саволни ўзига бериб, сабоқ олиши керак. Эндиликда туман ҳокими барча соҳаларда қандай ўзгаришлар бўлиши кераклиги ҳақида президентга хат ёзади. Сизлар тақдим этган режаларни олиб, халқ ноибларига мурожаатнома тайёрлайман», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Видеоселектор давомида вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш мақсадида «Саҳродан музликкача» туристик магистралини қуриш доирасида Шаҳрисабзни Самарқанд билан боғлайдиган, Чироқчи тумани ҳудудидан ўтувчи 30 километрлик 4К342 автомобиль йўли таъмирланиши бўйича амалий ёрдам сўралди.

«Албатта, бу йўлни таъмирламасак Самарқанддаги туристлар кела олмайди», — деб жавоб берди Шавкат Мирзиёев.

Маълумот учун, «Саҳродан музликкача» туризм магистрал йўли лойиҳасининг амалга оширилиши қўшимча равишда 2 млн сайёҳни, жумладан, 200 минг хорижий туристни жалб этиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу лойиҳа асосида 2023 йилда 18 та дам олиш маскани, 3 та экстремал туризм маркази, 60 та умумий овқатланиш шохобчаси ва 105 та жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) фаолияти йўлга қўйилиши режалаштирилган.