Шавкат Мирзиёев 24 октябрь куни Қашқадарё вилоятига ташрифи доирасида Sulton Tex Group кластерига қарашли тикувчилик корхонаси билан танишди.

Бу корхона умумий қиймати 8,2 млн долларлик лойиҳа эвазига 2022 йилда ишга тушган. Йилига 5 миллион дона тикув-трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш қуввати яратилган.

Маълум қилинишича, кластер «янги маҳсулот, янги давлат» тамойили асосида экспортни йўлга қўйган. Бугунги кунда маҳсулотлар АҚШ, Канада, Польша, Сингапур ва Россияга етказиб берилмоқда, бунинг натижасида юқори даромад ва меҳнат унумдорлигига эришилмоқда. Пахта етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган бутун кластер тармоғида 3000 га яқин киши ишлайди.

Президент бундай лойиҳалар вилоят иқтисодиёти ва аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Бироқ бу борадаги имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётганига эътибор қаратди.

«Аҳоли, айниқса, қишлоқ жойлардаги одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш ислоҳотларимизнинг асоси бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қашқадарё вилоятида мамлакатда энг кўп пахта етиштирилади, бироқ хомашёни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантириш ҳажми бу салоҳиятга мос келмайди, деди давлат раҳбари. Унга кўра, мато ишлаб чиқариш ва бўяш йўлга қўйилса, туманларда қўшимча 60 минг кишини банд қилиш мумкин.

Шу мақсадда «20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис» дастури «Султон стайлз» корхонасида ҳам татбиқ этилмоқда. Амалий мономарказ ташкил этилиб, ишсиз аҳолини тўқимачилик касбига ўргатиш йўлга қўйилмоқда. Бу жараён икки босқичли бўлиб, аввал хотин-қизларга корхонадаги технология ва асбоб-ускуналардан фойдаланиш, меҳнат хавфсизлиги қоидалари ўргатилади. Кейинги босқичда улар мураббийларга бириктирилиб, бевосита иш ўринларида амалий билим ва кўникмаларни эгаллайди.

У ерда давлат раҳбарига Шаҳрисабз, Китоб ва Қамаши туманларида туризмни ривожлантириш лойиҳалари тақдимот қилинди. Қишлоқларда инфратузилмани яхшилаб, сайёҳлик йўналишларига киритиб, аҳоли учун даромад манбаларини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил баҳорида Sulton Tex Group раҳбари Нурбек Эргашев (фотода — президент билан бирга) марҳум бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев томонидан босим ўтказилаётгани ва унинг корхонасини тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқариб ташлашга уринаётгани, бу эса корхонанинг банкрот бўлишига олиб келишини маълум қилганди. У туман ҳокимлигини, шунингдек, бош вазир ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазирини судга бериб, охир-оқибат ўз бизнесини ҳимоя қила олган.

Ўшанда собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Ходжаев (ҳозир бош вазир ўринбосари) ишлаб чиқаришнинг кластер шаклидаги барча иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгиловчи қонунчилик базаси ҳали мавжуд эмаслигини тан олган. Орадан уч йил ўтган бўлса ҳам, қонунчилик базаси ҳанузгача яратилмаган.