Sulton Tex Group компанияси ижрочи директори Нурбек Эргашев Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ўктам Барноевни ўз компаниясини пахта-тўқимачилик кластерлари рўйхатидан чиқариб ташлаганликда айблади ва президентдан ёрдам сўраб мурожаат қилди.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий ҳокимият тумандаги етиштирилаётган ғалла ҳосилини озиқлантириш ва ғалла ўриш комбайнларини таъмирлаш учун пахта етиштириш учун ажратилаётган маблағ ҳисобидан 5,8 млрд сўм тўлаш бўйича нотўғри талаб қўйилмоқда.

Sulton Tex Group ва президент ташрифи

Sulton Tex Group хусусий корхонаси 2011 йилда ташкил этилган бўлиб, 2018 йилдан бошлаб тўқимачилик саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш бошланган. Мамлакат президенти Шавкат Мирзиёеев 2018 йилнинг 13−14 декабрь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида корхона фаолияти билан танишган эди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида қисқа вақтда собиқ пахта заводига қарашли қаровсиз ерда замонавий корхона барпо этилгани келтириб ўтилган эди. Корхона Швейцария ва Япониядан энг сўнгги русумдаги тозалаш, йигириш ва ўраш ускуналари келтириб ўрнатилди. Биринчи босқичда ип-калава ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 300 га яқин одам иш билан таъминланди.

2018 йил давомида 12 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулот Польша, Туркия, Эрон, Миср каби ўнга яқин мамлакатга экспорт қилиниб, 50 миллиард сўмлик маҳсулот ички бозорга етказиб берилди. Корхонада толани тозалашдан тортиб, ўрашгача бўлган барча жараён автоматик тарзда бошқарилади. Бу ердаги лабораторияда тола ва ип сифати назорат қилиб борилади, дейилганди хабарда.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президентнинг ташрифи чоғида лойиҳанинг иккинчи босқичи — йилига 3 минг тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватига эга тўқув фабрикаси фаолиятига старт берилди.

Умумий қиймати 53 миллион АҚШ долларидан зиёд бўлган корхонанинг навбатдаги босқичларида мато тўқиш, уни бўяш, тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш режалаштирилган. Жумладан, тикув маҳсулотлари ва тайёр кийим-кечак ишлаб чиқариш фабрикаси 2019 йил январь ойида ишга туширилиши мўлжаллаганади. Ушбу лойиҳанинг қиймати 3 миллион долларни ташкил этиб, ишлаб чиқариш ускуналари Европанинг илғор технологияларидан иборат. Фабрика ишга тушиши натижасида 700 га яқин янги иш ўрни яратилиб, йилига 9 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган.

Корхонада пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилинган бўлиб, бунинг учун Қарши тумани ҳудудидан 10 минг гектар ер майдони ажратилган. Яъни, пахта етиштиришдан бошлаб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот қилиб сотишгача бўлган жараён ушбу корхонанинг ўзида амалга оширилади. Бу орқали маҳсулот таннархини арзонлаштириш ва сифатини оширишга эришилади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Нурбек Эргашев ташриф давомида 2019−2020 йилларда амалга оширилиши режалаштирилган трикотаж мато фабрикаси, тикув фабрикаси, пахта тозалаш заводи ва ёғ ишлаб чиқариш заводи лойиҳалари маъқулланганини маълум қилди. Якунда уларнинг барчаси тўлиқ ишга туширилди.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, корхона томонидан пахта хом-ашёсини етиштиришдан бошлаб, уни чуқур қайта ишлаш орқали тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган барча жараёнларни қамраб олган ўзаро бир-бирига боғлиқ 100 млн доллар қийматидаги 15 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Жумладан бугунги кунга қадар 40 млн доллар миқдоридаги 7 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 2280 та иш ўрини яратилган. Жорий йил якунига қадар 24 млн долларлик яна 4 та лойиҳа ва 2021 йилда 36 млн долларлик 4 та лойиҳа ишга туширилиб, жами иш ўринлари сони 3700 тани ташкил этади.

Лойиҳа номи

Қуввати

Ишга тушиши

Лойиҳа қиймати

Иш ўрни

1

1-Ип йигирув фабрикаси

7500 тонна ип калава

Декабрь 2017 йил

17,0 млн.$

300

2

Трикотаж мато фабрикаси

3500 тонна мато

Ноябрь 2018 йил

2,5 млн.$

90

3

Тикув фабрикаси

8,3 млн. дона кийим кечак

Июнь 2019 йил

3,3 млн.$

1400

4

Пахта тозалаш заводи

50000 тонна пахта

Ноябрь 2019 йил

4,3 млн.$

250

5

Биолаборатория

16000 гектарга мос

Март 2019 йил

0,1 млн.$

20

6

Ёғ ишлаб чиқариш заводи

30000 тонна пахта чигити

Май 2020 йил

5,2 млн.$

100

7

Қишлоқ хўж. техникалари

330 дона

Олиб келинган

8,5 млн.$

120

8

Замонавий уруғчилик цехи

5000 тонна уруғ

Июль 2020 йил

2,0 млн.$

80

9

Сифат серт. лабораторияси

15 турдаги маҳ. гуруҳи

Июль 2020 йил

1,0 млн.$

35

10

Асал тайёрлаш ва қадоқлаш

1500 тонна

Май 2020 йил

0,4 млн.$

20

11

2-Ип йигирув фабрикаси

9500 тонна ип калава

Декабрь 2020 йил

20,0 млн.$

350

12

Тўқима мато фабрикаси

11,2 млн. п.м. мато

4 чорак 2021 йил

14,3 млн.$

300

13

Бўёқ фабрикаси

20,8 млн. п.м. мато

4 чорак 2021 йил

11,4 млн.$

150

14

Чорвачилик лойиҳаси

1000 бош зотдор қора мол

4 чорак 2021 йил

6,0 млн.$

300

15

Сут ва гўштни қайта ишлаш

6000 тн сут, 300 тн гўшт

4 чорак 2021 йил

4,0 млн.$

200





100,0 млн.$

3715

Нурбек Эргашев ишчиларнинг 80 фоизи Қарши туманидан бўлиб, хориждан келиб ишлаётган ишчилар ҳам борлигини қўшимча қилди.

2019 йилда 15,2 млн доллар, 2020 йилнинг 1-чорагида 4,1 млн долларлик экспорт амалга оширилган. Sulton Tex Group йирик солиқ тўловчилар рўйхатига киритилган.

Кластер ўрнига — кооператив

Нурбек Эргашевнинг қайд этишича, корхона томонидан режалаштирилган бу йирик лойиҳалар тўлиқ амалга ошиши учун бизга соғлом рақобат, кафолатланган инвестицион муҳит яратилиши лозим. Корхонанинг ишларига ортиқча аралашувларга барҳам бериш лозим.

Йиғилиш баёнидан парча.

Тадбиркор ҳокимият идораларининг 2020 йил пахта ҳосили учун ажратилаётган кредит маблағлари ҳисобидан ғаллани озиқлантириш учун 5,8 млрд сўм пул ажратиш бўйича топшириғи бажарилмагандан сўнг, корхонага тазйиқ ўтказила бошланди. У банклар олдида мажбуриятлари борлигини таъкидлади.

«Аммо улар барибир: „Агар пулни ўтказсанг, кластерда ишлашни давом эттирасан. Акс ҳолда кластер фаолияти тўхтатилади“, — дейишди. Яхши, лекин ғалла кластерлари ҳам мавжудку. Биз пахтачилик соҳасида ишлаймиз. Ғалла кластерларига механизациялаштириш ва ғаллани озиқлантириш учун ажратилган пуллар қаерга кетди? Пулларни МТПга (машина-трактор парки) тайёрлаш керак, дейишади. Мен уларни ҳеч қачон тўлдириб бўлмайдиган тешик қопларга ўхшатаман. Ҳар йили гўёки комбайнларни таъмирлаш учун миллиардлаб сўм маблағлар ўтказилмоқда», — деди Нурбек Эргашев.

10 апрель куни Қарши туманидаги МТП биносида Бош вазирнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Барноев тадбиркорга: «энди „Кластер“ сифатида фаолият кўрсатмайсан, Қарши туманида кооперация ташкил этамиз», — деб айтади.

«Наҳотки бир неча лойиҳаларни амалга оширувчи кластер тақдирини бир дақиқада ҳал қилиш мумкин? Наҳотки барча фабрикаларимиз темир парчаларига айланса?» — дея савол берди тадбиркор.

9 апрель куни Ўктам Барноев томонидан имзоланган йиғилиш баёнида (№03/1−2086, «Газета.uz»да мавжуд) Sulton Tex Group кластер сифатида фаолиятини тўхтатиши, унинг ўрнига фермерлар кооперацияси ташкил этилиши кўрсатилган. Нурбек Эргашев баёнда корхона кўрсаткичлари асоссиз равишда келтирилганини таъкидлади.

Тадбиркор корхонага нисбатан келтирилган бир қатор маълумотларни асоссиз деб топди ва уларнинг ҳар бири бўйича ўз жавобларини санаб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, баёнда корхонада пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ циклини қамраб олган қайта ишлаш қувватлари мавжуд эмас дейилган.

Нурбек Эргашевнинг қайд этишича, Sulton Tex Group пахтани чуқур қайта ишлаш бўйича барча босқичлар мавжуд. Жумладан, пахта тозалаш заводи (лойиҳа қиймати 4,3 млн доллар, 2019 йилда ишга туширилган), ёғ ишлаб чиқариш заводи (5,2 млн доллар, 2020), ип йигирув фабрикаси (1-босқич, 17 млн доллар, 2018), трикотаж мато фабрикаси (2,5 млн доллар, 2018), тайёр кийим кечак тикувчилик фабрикаси (3,3 млн доллар, 2019), биолаборатория (пахта зараркунандаларига қарши курашиш бўйича, 100 минг доллар, 2019), 330 та замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари (8,5 млн доллар).

Иккинчи эътироз сифатида 2020−2021 йиллар учун аниқ ҳисоб-китобларга асосланган лойиҳалар ишлаб чиқилмаган дейилган. Бунга жавоб тариқасида тадбиркор кўрсатилган давр учун 8 та лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган ва амалга ошириш бўйича ишлар бошланганини маълум қилди.

Замонавий уруғчилик цехи — қурилиш ишлари якунланган, ускуналарга тўлов амалга оширилган, лойиҳа қиймати 2 млн доллар, ишга тушиш муддати 2020 йил июль.

Сифат сертификат лабораторияси — қурилиш ишлари давом этмоқда, ускуналар бўйича келишувга эришилган, лойиҳа қиймати 1 млн доллар, ишга тушиш муддати 2020 йил июль.

Асал тайёрлаш ва қадоқлаш — қурилиш ишлари якунланган, ускуналар олиб келинган, лойиҳа қиймати 0,4 млн доллар, ишга тушиш муддати 2020 йил май.

2- Ип йигирув фабрикаси — қурилиш ишлари давом этмоқда, ускуналар учун олдиндан 1,2 млн доллари тўланган, қолган қисмига кредит олиш учун банкка ҳужжатлар тақдим этилган, лойиҳа қиймати 20 млн доллар, ишга тушиш муддати 2020 йил декабрь.

Шунингдек, тадбиркор 24 февраль куни Қарши ва Қашқадарё вилояти ҳокимликларига қиймати 14,3 млн долларлик тўқима мато фабрикаси учун ер ажратиш тўғрисида хат билан мурожаат қилган. Бироқ ер ажратилмаган ва хатга жавоб қайтарилмаган.

Худди шу куни 11,4 млн долларлик бўёқ фабрикаси қурилиши учун ер ажратиш бўйича вилоят ва шаҳар ҳокимлигига хат билан мурожаат қилинган. Ер ажратилмаган ва хатга жавоб берилмаган. Ҳокимиятлар чорвачилик (6 млн доллар), сут ва гўштни қайта ишлаш (4 млн доллар) лойиҳалари учун ҳам ер ажратиш тўғрисидаги мурожаатга жавоб бермаган.

Йиғилиш баёнида агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширишга амалий ёрдам кўрсатилмаслиги оқибатида пахта етиштиришда ҳосилдорлик паст бўлиб, 2019 йилда 19,4 центнерни ташкил этган ва 2018 йилга нисбатан 10,9 центнерга камайган дейилган.

Бироқ тадбиркор Қарши туманида 2018 йилда 15,7 минг гектар ер майдонига пахта экилган бўлиб, 30,9 минг тонна пахта етиштирилган ёки 19,6 центнер ҳосилдорликка эришилганини, 2019 йил кластер тизими жорий этилгандан сўнг 15 минг гектар ер майдонига пахта экилган бўлиб, 30,6 минг тонна пахта етиштирилган ёки 20,4 центнер ҳосилдорликка эришилганини маълум қилди.

«2019 йилда вилоят раҳбарлари ва маслаҳатчилари бизга нотўғри агротехникани буюртма қилишди, сув йўқ бўлган пахта далаларини суғоришни буюришди. Охир-оқибат, ҳамма турли томонга тарқаб кетди — натижада биз айбдор бўлдик. Шунинг учун бизга қишлоқ хўжалиги корхоналари учун вақтни танлаш ҳуқуқи берилса яхши бўларди», — деди у.

Баёндаги яна бир эътироз — фермер хўжаликларига етказилган моддий ресурслар ва кўрсатилган хизматлар нархларини оширилган қийматда тақдим этиб келган. Оқибатда, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлиги таъминланмаган.

Бунга жавобан Sulton Tex Group раҳбари корхона томонидан қишлоқ хўжалиги техникалари билан фермер хўжаликларига кўрсатилган механизация хизматлари нархи вилоят ва туман «Машина трактор парклари» томонидан белгиланган нархлардан паст қилиб белгиланганини кўрсатиб ўтди.

Минерал ўғитлар ва бошқа моддий ресурслар нархи ҳам туман ва вилоят «Агрокимётаъминот корхоналари» томонидан белгиланган нархлардан паст қилиб белгиланган.

Тадбиркор бунинг исботи сифатида тумандаги фермер хўжаликлари томонидан корхона номига билдирилган ташаккурномаларни тақдим этиш мумкинлигини таъкидлади.

Нурбек Эргашевнинг фикрича, агарда кластер ўрнига фермерлар кооперативи ташкил этилса, Sulton Tex Group банкротга учраши, корхонанинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилиши мумкин.

«Ташрифларингиз вақтида вилоят, республика, туман ва шаҳар раҳбарлари 3−4 кун давомида рақамларни йиғиб, тайёргарлик кўришади. Ташрифингиздан кейин 1 йилу 4 ой ўтди, аммо бу вақт ичида бирор бир раҳбар мендан қандай муаммолар борлигини, иш ўринларини яратиш учун нима кераклигини ва коммуникациялар ҳолати қандай эканини сўрамади. Майли, ҳеч ким ёрдам беришга мажбур эмас, лекин ҳеч бўлмаганда улар аралашишмасин», — деди тадбиркор.

Ишбилармон Қашқадарё вилоятида бирорта ҳам корхона кластерларда Sulton Tex Group каби ишлаб чиқариш даражасига эришмаганини маълум қилди.

Фермерлар норозилиги

Баҳодир Ўтаев 2019 йилда Исломбек Жасми фермасини ташкил қилган. У икки ойдан бери Sulton Tex Group билан ишламоқда ва унда ҳеч қандай шикоят йўқ.

«Нурбек Эргашев пул ўтказди, ишчиларимга маош тўлаб, ўғитлар билан таъминлади. Аммо 13 апрель куни эрталаб соат 6.00 да ички ишлар органларининг 15 га яқин ходими келиб, мени кооперацияга аъзо бўлиб, завод билан шартнома тузишга мажбур қила бошладилар. Баъзилар аллақачон мажбур қилишди — муҳр босилган имзоларни олишган. Мен ва 11 нафар бошқа фермер ўзимизда турибмиз ва қарши чиқаяпмиз», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Қарши туман ИИБ ходимларидан бири Феруз Ниёзов у билан уч кундан кейин гаплашишини айтган. У ўзини таништирмади, фермер танишлари орқали унинг кимлигини билиб олди.

«Норпўлот бобо ўғли Башир» фермер хўжалиги раиси Илҳом Остонов ҳам кооперативга ўтишга қарши.

«ИИБ ходимлари ва маҳалла раиси 13 апрель куни соат 6:30 — 7:00 да келишди. Бугун эрталаб ҳам келишди. Мен кластер билан амалдаги шартномам (2020 йил 31 декабргача) бўлса, нега кооператив билан шартнома тузишим кераклигини сўрадим. Бунга жавобан улар менга муҳр босишим кераклигини айтишди. Улар мени ҳар куни жинни қилишаяпти», — деди у.

«Данир Амир Ворисбек» фермер хўжалиги раҳбари Хурсанд Бекпўлатова ҳам маҳаллий ҳокимият томонидан таҳдидлар бўлаётгани, уларни кооперативга қўшилиб завод билан шартнома тузишга мажбур қилишаётгани ҳақида маълум қилди.

«Мен сиёсатга қарши чиқишни хоҳламайман. Агар бу президент қарори бўлганида, биз бажонидил бажарардик. Агар қарор йўқ бўлса ва биз кластер билан ишлашни хоҳласак, улар билан ишлашни давом эттиришимиз мумкинми? Шахсан мен кластер билан ишлашни хоҳлайман, ҳеч қандай шикоятларим йўқ. 20 гектар ерга пахта уруғини сепдим. Кластер бизни ўғит, дизель ёқилғиси билан таъминлади», — деди у.

Sulton Tex Group корхонаси айрим фермерларни пул сертификатлари ва автомобиллар билан мукофотлади.

Хурсанд Бекпўлатованинг сўзларига кўра, Sulton Tex Group билан ишлашдан олдин унинг хўжалиги йирик фермер хўжалиги билан бирлаштирилган.

«Фермер бўлиб иш бошлаганимда мени катта фермер хўжалигига қўшишди. Бир йил давомида биз даромад олмадик, жанжаллар бўлди. Кейин бизни яна ажратишди ва кластер билан шартнома тузишга мажбур қилишди. Кластернинг ишини тушуна бошлаганимиздан сўнг, улар бизни заводга бириктиришмоқчи. Ишимизни тушуниб олишга вақтимиз бўлмаяпти. Бизга буни тушунишимиз учун имкон беришмаяпти — битта корхонадан бошқасига ўтказиб юборишаяпти», — деди «Данир Амир Ворисбек» раҳбари.

Унинг сўзларига кўра, у завод билан янги шартнома имзолаш учун маҳаллага чақиртирилган, аммо у карантин туфайли бормаган.

Davletov.uz Telegram-каналида бир неча фермернинг Sulton Tex Group кластери билан можароси тўғрисидаги видеоёзув эълон қилинди. Уларнинг сўзларига кўра, кластер раҳбари уруғ навини танлаш, дорилаш ва бошқа масалаларда фермерлар билан маслаҳатлашмаган.

«Кластер сифатида биз қишлоқ хўжалигида инновацияларни амалга оширишни хоҳлаймиз. Агарда бизда унумдорлик 1 га учун 19−20 центнерни ташкил этса, АҚШ, Ҳиндистон ва Туркияда 70 центнергача. Бизда 20−30−40 центнерга хурсанд бўлиш анъанага айланган, гарчи бу паст кўрсаткич бўлса ҳам. Биз янгилик жорий этиш учун тажриба ўтказдик. Баъзиларга бу ёқади, бошқаларига эса ёқмайди», — деди ташқи иқтисодий алоқалар ва экспорт-импорт операциялари бўлими бошлиғи Гиёс Рўзиев,.

У Sulton Tex Group 550 фермер хўжалиги билан ишлаётгани ва улар олдида қарзи йўқлигини маълум қилди.

Компаниянинг хизмат автомашинаси Қаршидан Қарши туманига кетаётганда тўхтатилиб, жарима мадончасига олиб кетилган.

Гёс Рўзиев «Газета.uz»га тақдим этган видеоёзув ва фотосуратларда ЙҲХБ инспекторлари корхонанинг хизмат автомобилини, рухсатномаси бўлишига қарамасдан, олиб кетаётгани акс этган.

Қашқадарё вилоятида постлардан ўтишга рухсатнома.

«Газета.uz» Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафаева ва унинг сув ва қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари Акром Орипов билан (шу жумладан шахсий телефон рақамлари ёрдамида) боғлана олмади.

Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева Daryo.uz нашрига изоҳ берар экан, кластер раҳбаридан ғалла учун пул сўраганини инкор қилди.

«Кластер раҳбари Нурбек Эргашев ўзбошимча, селектор йиғилишларига чақирсак-да, қатнашмайди. Вакилини юборади. Вакили эса биз айтган ишни бажаролмайди. Телефон қилсак, жавоб бермайди. Шу пайтгача туман учун на боғча қуриб берган, на мактаб. Ҳатто карантин пайтида ёрдамга муҳтож одамларга хайрия қилишни ҳам ўзига эп кўрмади», — дейди Қарши тумани ҳокими.

Ғиёс Рўзиев ушбу баёнотга изоҳ берар экан, хайрия ишлари мажбурлаб амалга оширилмаслиги кераклигини таъкидлади.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати ҳозирда ушбу масала «республика» томонидан ўрганилаётганини маълум қилди. Ўрганишлар якунлари бўйича расман маълум қилинади.