Шавкат Мирзиёев Қашқадарёга ташрифи чоғида режадан ташқари тарзда Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига борди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Тиббиёт бирлашмасининг биноси ўтган асрнинг 60−70 йилларида қурилган. Шифохона 228 бемор ўрнига ва поликлиника 250 қатновга мўлжалланган. Ҳозирда тумандаги 243 минг аҳолига хизмат кўрсатади. Лекин бу ердаги шароитлар шунча қамровга ва замон талабига мос эмас. Айрим жиҳозларни янгилашга зарурат бор.

Президент тиббий бўлимлар ва хоналарга кириб, асл аҳволни кўздан кечирди. Бу ерга келган беморлар билан суҳбатлашди.

«Бугун Қашқадарёга келишимиздан мақсад вилоятнинг 3 ярим миллионлик аҳолиси турмуш шароитини яхшилаш, оғирини енгил қилиш, саноат, қишлоқ хўжалиги, ижтимоий соҳаларни ривожлантириш. Йўлдан ўтиб кетаётиб, шифохона қандай экан, деб кирдим. Ҳолатни ўзим кўриб, оддий одамлар билан кўпроқ мулоқот қилиб, қарор қабул қилиш — менинг энг катта мақсад-муддаом. Аввал ҳам айтганимдек, таълим билан тиббиёт сифатли бўлса, одамлар рози бўлади. Кўп жойларда шифохоналарни яхши қилдик. Лекин Қарши туманидаги шароит менга маъқул эмас. Бугун кўрганларимдан хулоса қилиб, бу ерда янги шифохона қурамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мутасаддиларга бўлажак мажмуа ўрни ва лойиҳаси бўйича таклиф киритиш вазифаси қўйилди. Келгусида у энг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланади ва дори воситалари билан бепул таъминланади. Туман тиббиёт бирлашмасида ишлайдиган бир гуруҳ шифокор ва ҳамширалар хорижга малака оширишга юборилади. Шу тариқа бу жой бошқа туман шифохоналари ходимлари учун ўқув-амалиёт марказига айланади.

Шунингдек, ташриф чоғида кадрлар салоҳиятини ва тиббий хизматлар сифатини ошириш, шифохона атрофини тартибга келтириш масалалари ҳам айтиб ўтилди.

Бундан ташқари президент президент Қарши шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг ҳудудий филиалини бориб кўрди.

2023 йил 8 сентябрда давлат раҳбарининг «Оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика аҳоли репродуктив саломатлиги маркази, Республика Она ва бола скрининг маркази негизида Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилмоқда. Шунингдек, қарорда мазкур марказнинг 14 та ҳудудий филиаллари ташкил этилиши белгиланган.

Бу ерда 200 ўринли вилоят перинатал маркази, 200 ўринли шаҳар туғруқхонаси, 50 қатновли скрининг маркази ва 50 қатновли репродуктив марказ ягона мажмуада жамланди. Туғиш ёшидаги ҳамда ҳомиладор аёлларга туғруқ ва туғруқдан кейинги даврларда битта марказда ихтисослашган тиббий хизмат кўрсатиш имкони яратилди. Марказ ишга тушгач, бу ерда бир ярим минг нафар тиббиёт ходими фаолият олиб боради.

Давлат раҳбари бу ердаги шароит ва қулайликлар билан танишди. Германия, Беларус ва бошқа мамлакатлар билан ҳамкорлик доирасида шифокорларнинг малакасини ошириш, марказда профилактика ва даволашнинг илғор услубларини жорий этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Келгусида марказда йилига 8 минг нафардан зиёд патологик туғруқларни қабул қилиш имкони яратилади. Бу кўплаб оналар ҳаётини сақлашда муҳим.

Марказда, шунингдек, каминвазив ва лапароскопик амалиёт турлари 42 тага етказилади. Тубектомия, кистоэктомия, миомоэктомия ва вентрофиксация амалиётлари йўлга қўйилади. Ўсмир қизлар, аёлларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом оналикка тайёрлашдан бошлаб, ҳомиладорликда антенатал парвариш, скрининг, туғруқ ҳамда кейинги она ва бола парвариши жараёнлари бир жойнинг ўзида ташкил этилади.

Марказ 860 дан ортиқ маҳалла доялари билан мунтазам алоқада бўлади. Ягона электрон база орқали вилоятнинг барча ҳудудларидаги ҳомиладорлар ва туғиш ёшидаги аёллар қамраб олинади. Ўн еттита марказий кўп тармоқли поликлиника таркибидаги аёллар маслаҳатхонаси ва ўн саккизта туғруқ мажмуаси билан алоқа ўрнатилади.

Бу орқали марказ хавф омиллари аниқланган аёлларни тиббий текширувдан ўтказади, уларни даволайди ҳамда зарур ҳолларда республика даражасидаги тиббиёт муассасаларига йўналтиради. Никоҳланувчилар, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёллар ҳамда чақалоқларни молекуляр тиббий-генетик текширувлардан ўтказади. Ирсий касалликлар аниқланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлайди.