ЮНEСКО ўғирланган ёдгорликлардан иборат виртуал музей яратишни режалаштирмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад одамларнинг маданий бойликларнинг ноқонуний савдоси ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат, деб ёзмоқда The Guardian.

Музей Халқаро жиноий полиция ташкилоти — Интерпол билан ҳамкорликда ташкил этилади, унинг маълумотлар базасида дунё бўйлаб музейлар, шахсий коллекциялар ва археологик объектлардан ўғирланган 52 мингдан ортиқ артефактлар киритилади.

Лойиҳа қиймати 2,5 миллион долларга баҳоланган. Музей 2025 йилда очилиши кутилмоқда.

Ташриф буюрувчилар экспонатларнинг уч ўлчамли моделларини кўришлари мумкин бўлади. Уларнинг ҳар бири ўзининг ноёб аҳамияти ҳақидаги маълумотлар, жумладан, маҳаллий ҳамжамиятларнинг улар ҳақидаги ҳикоялари билан бирга тақдим этилади.

«Ашёлар реал ҳаётда мавжуд экспонатлардир, аммо биз уларнинг қаердалигини билмаймиз», — деди ЮНEСКО Бош директори ўринбосари Эрнесто Оттоне. Унинг сўзларига кўра, асосий қийинчилик артефактларнинг 3D тасвирларини яратиш бўлиб, уларнинг аксарияти фақат кичик қора-оқ фотосуратлардагина қайд этилган.

Лойиҳа муаллифи — архитектор Френсис Кере соҳа бўйича нуфузли Притскер мукофотига сазовор бўлган биринчи африкалик ҳисобланади, деб ёзади нашр. Унинг айтишича, дастлабки тўпламдан минтақалар, мамлакатлар ва маданиятларни боғлайдиган 600 та экспонат жой олади.