Дипломатик миссияси якунланиши муносабати билан Ўзбекистоннинг Италиядиги элчиси Отабек Акбаров Рим шаҳрида мамлакат ташқи ишлар ва халқаро ҳамкорлик вазирининг ўринбосари Эдмондо Чириелли билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Эдмондо Чириелли дипломатик миссия раҳбарининг беш йиллик фаолиятини ижобий баҳолади ва Италия ТИВ номидан икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариш, уларга кўп қиррали ва барқарор тус бериш борасидаги саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 8−9 июнь кунлари Италияга расмий ташрифи чоғида икки давлат ўртасида стратегик шериклик муносабатларини йўлга қўйиш тўғрисида қўшма декларация қабул қилинганининг аҳамияти таъкидланди. Шу тариқа Италия Ғарбий Европа давлатларидан биринчи бўлиб Ўзбекистон билан бундай юксак даражадаги алоқаларни ўрнатди, дейилади хабарда.

Икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатмоқда, Ўзбекистоннинг 2 та фахрий консуллиги Флоренция ва Миланда ташкил этилган, Италиянинг бошқа минтақаларида ҳам фахрий консулликларни очиш режалаштирилган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон вилоятлари билан Италия ҳудудлари ўртасида, хусусан, Ломбардия, Тоскана, Венето, Умбрия, Кампания, Марке, Абруццо ва Эмилия-Романья билан тўғридан-тўғри алоқалар фаоллашган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил август ойида Италияга элчи этиб тайинланган Отабек Акбаров бир вақтнинг ўзида Ўзбекистоннинг Грециядаги элчиси ҳамда республиканинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси (IFAD) ва Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) даги доимий вакили сифатида ҳам фаолият юритган.