Сурхондарё вилоятида «ВАЗ-2106» («Жигули») русумли автомашинанинг газ баллони портлаши оқибатида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда «Газета.uz»га вилоят Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот котиби Элнур Абраев маълум қилди.

Ҳодиса 19 октябрь куни Денов туманидаги «Денов-Мобил» МЧЖга қарашли газ қуйиш шохобчасида содир бўлган.

Эркак танишининг машинаси ёрдамида «Жигули»ни ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳайдаб борган. Машинага метан газини қуйиш пайтида унга ўрнатилган пропан баллони портлаб кетган.

Оқибатда ёнилғи қуйиш шохобчаси ходими (1980 йилда туғилган) ва машинани шохобчага етказишга ёрдам берган иккинчи ҳайдовчи (1998 йилда туғилган) воқеа жойида ҳалок бўлган. «Жигули» ҳайдовчиси тан жароҳати олиб, касалхонага ётқизилган.

Сурхондарё вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.