Ижтимоий тармоқларда BYD автомашина ҳайдовчиси Тошкентнинг Яккасарой туманидаги Шота Руставели кўчаси бўйлаб ҳаракатланаётганда хавфли манёврлар қилгани акс этган видео тарқалди.

Машина ичидан тасвирга олинган видеолавҳада ҳайдовчи аввалига қарама-қарши бўлакка чиқади, сўнг ўз бўлагига қайтиб, йўлни ўзгартиради, қизил чироқда ўтиб, пиёдалар ўтиш жойида йўлни кесиб ўтаётган мактаб ўқувчисини деярли уриб юборади. Видео Instagram ижтимоий тармоғида _jamshidk томонидан Stories`да чоп этилди.

Тошкент шаҳар ИИББ «Газета.uz»га ушбу автомашинани (давлат рақами 10 077 ABA) 22 ёшли Х. Х. бошқаргани, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг қуйидаги моддалари билан маъмурий баённома тузилганини маълум қилди.

  • 128−5-модданинг 2-қисми (Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, — БҲМнинг 10 баравари ёки 3,3 млн сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади);
  • 128-моддаси 1-қисми (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ёки йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмаслиги, одам ташиш, транспорт воситаларини қувиб ўтиш, йўналишли транспорт воситалари тўхтайдиган бекатлардан ёки пиёдалар ўтиш жойларидан юриш, ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузиши, худди шунингдек йўловчиларга лойқа сачратиши, — БҲМнинг иккидан бир қисми ёки 165 минг сўм миқдорида жарима солишга сабаб бўлади);
  • 128−4-модда (Светофорнинг тақиқловчи сигналида ёки йўл ҳаракатини тартибга солувчининг тақиқловчи ишорасида йўлнинг қатнов қисмидаги йўл чизиқлари ёки йўл белгилари билан белгиланган тўхташ чизиғини босиб кириш).

Баённома бир неча моддалар бўйича тузилган бўлса, янада оғирроқ жазо қўлланилади, бунда қоидабузар БҲМнинг 10 баравари (3,3 млн сўм) миқдорида жаримага тортилади.

ЙҲХББ ходимлари ҳайдовчи билан «профилактик суҳбат» ҳам ўтказган.