Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ватандошларини 21 октябрь куни нишонланадиган Ўзбек тили байрами билан табриклади.

«Мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва аҳамиятини ошириш, уни замон талаблари асосида ривожлантириш масаласини биз миллий ўзлигимизни англаш, миллат руҳини сақлаб қолиш, ёруғ келажагимизни таъминлашнинг энг муҳим омили, деб биламиз. Шу эзгу мақсад йўлидаги амалий ҳаракатларимиз туфайли жамиятимиз ҳаётида давлат тилининг қўлланиш доираси тобора кенгайиб, у халқ дилининг чинакам кўзгусига айланмоқда», — дея қайд этди давлат раҳбари ўз табригида.

Президент сўнгги йилларда барча соҳаларда давлат тилида иш юритиш сифати яхшилангани, унинг назарий ва услубий асослари мустаҳкамланганини таъкидлади.

«Лотин графикаси асосидаги алифбомизни такомиллаштириш ишлари ҳам давом этмоқда. Ушбу масала юзасидан халқимиз, жамоатчилигимиз томонидан билдирилган барча таклиф ва тавсиялар жиддий ўрганилиб, муҳокамадан ўтганидан сўнг тегишли қонун лойиҳасини яна бир бор кўриб чиқиб, парламентга киритиш мақсадга мувофиқдир», — деди президент.

«Биз давлат тили тараққиётини жаҳондаги етакчи хорижий тиллар ва мамлакатимиздаги турли миллат вакилларининг тили ва маданиятини ривожлантириш билан боғлиқ ҳолда кўрамиз. Бугунги кунда юртимизда таълим 7 тилда олиб борилмоқда. Республикамиздаги мавжуд 1453 та оммавий ахборот воситаси ҳамда юзлаб веб-сайтлар орқали қорақалпоқ, рус, қозоқ, тожик, туркман, корейс, турк, араб, инглиз, немис ва бошқа тилларда ҳам материаллар эълон қилинмоқда. Биз Ўзбекистонни тенглик, дўстлик ва бағрикенглик диёрига айлантириш мақсадида турли миллатга мансуб фуқароларимизнинг тил соҳасидаги ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз», — дея таъкидлади у.

«Ўтган аср бошларида маърифатпарвар жадид боболаримиз „Тилда, фикрда, ишда бирлик“ деган эзгу ғоя асосида майдонга чиқиб, халқимизни мустамлака зулмидан халос қилиш, уни замонавий илм-фан, касб-ҳунар ва маданиятга ошно этиш бўйича улкан ишларни амалга оширган эдилар. Ана шундай муштарак мақсадлар, умуммиллий бирлик ва аҳиллик бугун биз учун ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда», — деди президент.

«Ҳозирги ўта кескин ва таҳликали замонда фақатгина шу асосда ўз миллий манфаатларимизни қатъий ҳимоя қилишга, жумладан, она тилимизни асраб-авайлаш ва бойитиш, уни илм-фан, иқтисодиёт, таълим, тиббиёт, ахборот-коммуникация, дипломатия ва бошқа муҳим йўналишларда таъсирчан мулоқот воситасига айлантириб, тараққиёт суръатларига уйғун ҳолда ривожлантиришга, халқаро нуфузини муносиб даражага кўтаришга эриша оламиз», — дея табригини давом эттирди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев шоир Эркин Воҳидовнинг: «Она тили — умуммиллат мулки. Демак, тил олдидаги масъулият ҳам умуммиллий бўлиб, бу ёлғиз тилшуносларнинг эмас, бутун миллатнинг иши», деган сўзларини иқтибос қилиб келтириб, буни доим ёдда сақлаш лозимлигини қайд этди.