Самарқандда ўтаётган Халқаро туризм форуми доирасида Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов ва Эрон туризм вазири Эззатоллаҳ Зарғамий учрашди. Бу ҳақда Tehran times нашри хабар қилди.

Зарғамий икки давлат ўртасида визани бекор қилиш бўйича келишув имзоланса Эрон буни олқишлашини қайд этди. У Самарқандда икки давлат томонидан туризм алоқаларини ривожлантириш бўйича дастлабки ишлар олиб борилганини айтди ва «биз Эронда икки давлат ўртасидаги [сайёҳлик] визаларини бекор қилиш йўлларини излаяпмиз», — деди.

Яқинда Бухорога қилган сафари ҳақида гапирар экан, «Бухорога ташриф буюрганимда бу икки халқ қанчалик яқин эканини ҳис қилдим. Ўзбекистонлик сайёҳларнинг Эронга келишини қўллаб-қувватлаймиз, шунингдек, хорижга саёҳат қилишни режалаштираётган эронлик сайёҳлар Ўзбекистонга устувор аҳамият беришлари керак, деб ҳисоблаймиз», — деди.

Эронлик вазир ўз нутқининг яна бир жойида қуруқлик орқали саёҳат қилиш қулайлигини тарғиб қилиш муҳимлигини таъкидлаб, «Туркманистон билан ҳамкорликда туризмни ривожлантириш учун қуруқликдаги саёҳатларни осонлаштиришимиз керак», — деди.

Абдуҳакимов, ўз навбатида, уларнинг учрашувдаги муҳокамалари келажакда «яхши натижа» беришига умид билдирди.

Зарғамининг туризм бўйича ўринбосари ли-Асғар Шалбафияннинг сўзларига кўра, Ислом Республикаси чегараларни юмшатиш сиёсатини кўриб чиқмоқда, унга кўра 60 давлат паспорти эгалари учун виза талабларини бир томонлама бекор қилиши мумкин.

«60 та давлат билан виза режимини бекор қилиш таклифи Маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазирлиги томонидан киритилган ва ҳозирда Ташқи ишлар вазирлиги ва тегишли идоралар томонидан кўриб чиқилмоқда», — деган Али-Асғар Шалбафиян шу йил бошида.