Велоспортнинг шоссе йўналиши бўйича Париж-2024 Олимпиадасига рейтинг очколарини жамғариш даври якунига етди. Халқаро велосипедчилар иттифоқи (UCI) томонидан эълон қилинган рейтинг якунига кўра, бўлажак Олимпиадага Ўзбекистон аёллар терма жамоаси 3 та, эркаклар термаси эса 1 та йўлланмага эга бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон олимпия қўмитаси хабар қилди.

Аёллар тоифасидаги лицензияларнинг 2 таси гуруҳ пойгаси, 1 таси эса шахсий пойга дастурига тўғри келади. Улар 1942 очко билан ушбу циклда иштирок этган 103 жамоа орасида 17-натижани қайд этган. Бу Осиё мамлакатлари орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.

велоспорт, париж-2024

Эркаклар эса 1228 очко билан 105 жамоа орасида 32-натижани кўрсатишди. Бу уларга гуруҳ пойгаси йўналишида 1 та йўлланмани тақдим қилди. Қоидага кўра, барча квоталар терма жамоа учун тақдим қилинган. Ушбу дастурларда қайси атлетлар Париж-2024 Олимпиадасида стартга чиқиши кейинроқ мураббийлар штаби томонидан маълум қилинади.

Қўмитанинг қайд этишича, велоспортчилар Олимпия ўйинларига биринчи бор 4 та йўлланма қўлга киритмоқда.

велоспорт, париж-2024

Ўзбекистон велоспорт федерациясининг «Газета.uz»га хабар қилишича, аёллар жамоасининг рейтинг позицияси жаҳон таснифидаги энг нуфузли пойга — Le Tour de France`да иштирок этиш ҳуқуқини беради.