Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 10−11-синф ўқувчилари учун 4 та йўналишда танлов фанлари белгиланди, деб хабар бермоқда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Дилфуза Собирова.

Бунда ўқувчилар қуйидаги йўналишлардан бирини танлайди:

  • математика-физика;
  • она тили-чет тили;
  • кимё-биология;
  • математика-чет тили.

Ҳозирда математика-физика йўналишида 16 та, она тили-чет тили йўналишида 51 та, кимё-биология йўналишида 40 та, математика-чет тили йўналишда 30 та синфда ўқувчилар ўзлари қизиққан йўналишлари бўйича таълим олмоқда, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик вакилига кўра, 2024−2025 ўқув йилидан ўқувчиларининг қизиқиш ва қобилиятига қараб янги йўналишлар тавсия этилиши режалаштирилган.

Август ойида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон мактабларида юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаришини маълум қилганди.

Олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10−11 синф ўқувчиларига кимё — биология, математика — физика, математика — чет тил", она тили ва адабиёт — чет тили фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади. Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади, дейилганди ўшанда.