17 октябрь куни Украина Қуролли кучлари (ВСУ) россиялик қўшинлар позицияларига ҳужум қилиш учун илк бор ATACMS тактик баллистик ракеталаридан фойдаланди, деб ёзмоқда The Wall Street Journal (WSJ) манбаларга таяниб.

Газетанинг маълум қилишича, АҚШ яқинда Украина қарши ҳужумининг оператив имкониятларини ошириш учун Украинага 160 км га яқин масофага учадиган ракеталарнинг кичик партиясини яширинча юборган.

АҚШ ATACMS ракеталарини Украинага топширгани ҳақида расман эълон қилмади.

ВСУ ATACMS ёрдамида қайси объектларга зарба берилганига аниқлик киритмади, бироқ Украина Қуролли кучлари сешанба куни вақтинча ишғол қилинган Луганск ва Бердянск яқинидаги аэродромларга ҳужумлар ҳақида хабар берганини қайд этади.

ВСУнинг тасдиқлашича, «Ниначи» (Dragonfly) операцияси давомида Россиянинг тўққизта вертолёти йўқ қилинган, шунингдек, махсус жиҳозлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа қурилмаси, ўқ-дорилар омбори ва учиш-қўниш йўлаклари шикастланган.

Washington Post нашрининг украиналик ҳарбий мулозимга таяниб ёзишича, Украина қуролли кучлари Луганск ва Бердянскдаги нишонларга 18 та ATACMS ракетасини учирган.

Украина расмийлари узоқ вақт давомида АҚШдан ATACMS ракеталарини етказиб беришни сўраган, аммо рад жавобини олган эди. Сентябрь ойида бир қатор Америка ОАВлари АҚШ президенти Жо Байден Украинага кластер каллаклари бўлган баъзи ATACMS ракеталарини беришга рози бўлгани, аммо ўз қарорини ошкора эълон қилмагани ҳақида хабар берган эди.