Фарғона шаҳри ҳайвонот боғидаги зебра нобуд бўлди, дея хабар бермоқда вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати.

Боғ директори ҳолатга изоҳ берар экан, жонзот қариб ўлганини маълум қилган.

У зебралар асосан 10−15 йил умр кўришини таъкидлаб, жонзот 5 ёшида боғга келгани ва бу ерда 7 йил яшаб, 12 йил умр кўрганини айтган.

Фарғона вилоят прокуратураси, вилоят Экология бошқармаси, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотлар иштирокида далолатномага асосан зебра жасадини текширилиб, лобаратория таҳлил ишлари олиб борилмоқда.

«Зебралар 1−1,5 ёшида вояга етади. Қўлга ўрганади, тутқунликда кўпаяди. Вазиятнинг қулай комбинацияси билан, табиий шароитда зебралар 10 йилгача, асирликда эса 15 йилгача яшаши мумкин. Қимматли териси учун кўплаб овланиши туфайли сони кескин камайиб кетган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида мазкур ҳайвонот боғида Қозоғистондан келтирилган Максим лақабли жирафа ҳам нобуд бўлганди. У аномал совуқ кунларда шамоллаб қолган. Бундай совуқ сабабли бошқа майда жонзотлар, хусусан, қушлар ҳам нобуд бўлган.