15 октябрь куни Қашқадарё вилояти Муборак туманида Isuzu автобусининг газ баллони портлади. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Соат 16:50 да туман ҳудудидан ўтувчи Қарши-Бухоро ички йўлида Isuzu йўловчилар билан ҳаракатланиб кетаётган вақтда ушбу ҳодиса содир бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлгани, яна бир киши қўлидан оғир жароҳат олгани айтилганди. Аммо Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўлим ҳолатини тасдиқламади.

«4 нафар фуқаро ўрта оғир даражада жароҳат олиб, туман тиббиёт шифохонасига ётқизилган. Қолган фуқароларга амбулатор ва психологик ёрдам кўрсатилган. Энг асосийси, ҳодиса сабабли ҳеч ким ҳалок бўлмаган», — дейилади ФВВ хабарида.