Грузия Конституциявий суди (КС) президент Саломе Зурабишвилини ҳукумат розилигисиз хорижга чиқиб, мамлакат конституциясини бузган деб топди, дея хабар бермоқда Грузия Биринчи канали. Мазкур қарор парламентга давлат раҳбарига нисбатан импичмент жараёнини бошлаш имконини беради.

Ишни тўққиз нафар судя кўриб чиқди ва қарорни олти нафари қўллаб-қувватлади. Суд Зурабишвилининг август ва сентябрь ойларида қатор Европа давлатларига қилган сафарлари Грузия конституциясининг 52-моддасига зид, деб топди. Мазкур моддага кўра, президент ташқи сиёсат билан боғлиқ вакиллик ваколатларини ҳукумат розилиги билан амалга оширади.

Энди Конституциявий суд қарори парламент томонидан тасдиқланиши керак. Президентни лавозимидан четлаштириш учун 100 нафар парламент аъзосининг овози зарур. Импичмент ташаббуси билан чиққан ҳукмрон «Грузия орзуси» партияси парламентда 84 ўринга эга бўлиб, мухолифат қўллаб-қувватлашига муҳтож бўлади.

Мухолифатнинг аксарияти президентнинг импичментига қарши ва бундай тартибнинг бошланишини «„Грузия орзуси“ томонидан Грузиянинг Европа интеграциясига қарши саботажи» деб атамоқда, дея ёзди ВВС Рус хизмати.

Саломе Зурабишвили 2018 йилнинг декабрида Грузия президенти бўлган. Расмий равишда у мустақил номзод сифатида кўрсатилган, аммо уни «Грузия орзуси» қўллаб-қувватлаган. Кейинчалик, давлат раҳбари ва ҳукмрон партия ўртасидаги муносабатлар Россиянинг Украинага қарши уруши ва Москва билан муносабатлардаги келишмовчиликлар фонида ёмонлаша бошлади, деб ёзади Deutsche Welle.