БМТ тинчликпарвар кучларининг Ливандаги штаб-квартираси ўққа тутилди. Дастлабки маълумотларга кўра, воқеа оқибатида қурбон бўлганлар йўқ. Снаряд Исроил ҳарбийлари томонидан отилганми ёки Ливан ҳарбийлари томониданми, бу ҳозирча номаълум.

Исроил ҳукумати Ғазо сектори билан чегарадош шаҳарлардан тинч аҳолини эвакуация қилиш ишлари деярли якунланганини маълум қилди. Ҳозиргача 60 минг киши эвакуация қилинган.

ҲАМАС вакиллари АҚШ сенаторлари делегацияси матбуот анжумани ўтказиши керак бўлган вақтда Исроилнинг Тель-Авив шаҳрига ракеталар учирди. Иштирокчилар ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар тўхтагунча бомбапаноҳларда кутишга мажбур бўлгани сабабли тадбир кечиктирилди.

Ғазо секторидаги фаластинликлар Исроил ичимлик суви таъминотини тиклаганини рад этди. Якшанба куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан Исроил ҳукумати Ғазо сектори жанубига сув етказиб беришни тиклашга рози бўлганини таъкидлаганди.

«Исроиллик ҳамкасбларим билан сўнгги бир соат ичида алоқада бўлдим. Улар менга Ғазо секторининг жанубий қисмига сув таъминотини деярли тиклаганликларини маълум қилди», — деганди у CNN телеканали эфирида. Исроил энергетика ва сув вазири Исраэль Кац эса ўз баёнотида Ғазодаги «маълум бир нуқталарда» сув таъминоти қайта тикланганини айтган, аммо қўшимча маълумот бермаган.

The New York Times Исроил мудофаа кучларидаги манбаларига таяниб, Ғазо секторидаги қуруқлик операцияси ноқулай об-ҳаво шароити туфайли кейинга қолдирилгани ҳақида хабар берди.

Нашр суҳбатдошларининг қайд этишича, кутилаётган булутли об-ҳаво исроиллик учувчилар ва дрон операторларининг қуруқликдаги кучларни ҳаводан қўллаб-қувватлашига тўсқинлик қилиши мумкин.

Қуруқликдаги операцияда ўн минглаб ҳарбийлар, шунингдек, авиация ва артиллерия ҳимояси остида танклар, сапёрлар ва махсус кучлар иштирок этиши кутилмоқда. Амалиётдан мақсад Ғазо шаҳрини қўлга киритиш ва Ғазо секторини назорат қилаётган ҲАМАС ҳаракатининг юқори сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини йўқ қилиш ҳисобланади.

Исроил мудофаа кучлари 14 октябрь куниёқ Исроил армияси қуруқликдаги операцияга тайёрлигини маълум қилганди. Бундан олдин эса Исроил ҳарбийлари Ғазо аҳолисига ҳудуд жанубига кўчиб ўтишни сўраган. ҲАМАС эса бунга жавобан Ғазо аҳолисини Исроил армиясининг баёнотига эътибор бермасликка чақирган.

Reuters ва Bloomberg ўз манбаларига таяниб Саудия Арабистони Исроил билан муносабатларни нормаллаштиришни тўхтатгани ҳақида хабар берди. Қайд этилишича, Саудия Арабистони расмийлари Исроил билан муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишувни тайёрлашда музокараларни кейинга қолдирган.

Расмий Ар-Риёд бу қадамни дипломатик музокараларнинг якуни сифатида эмас, балки пауза сифатида баҳолаган ва нормаллаштириш бўйича музокараларни қўллаб-қувватловчи АҚШ расмийларига ўз позициясини етказган. Саудия Арабистони ҳукумати бу бўйича журналистларнинг сўровларига жавоб бермаган.

Нормаллаштириш келишуви Саудия Арабистони Исроилни тан олишини ва у билан дипломатик ва савдо алоқаларини бошлашини назарда тутади. Бунга жавобан Саудия Арабистони Исроилдан фаластинликларга ён беришини, АҚШ эса хавфсизлик кафолатлари ва ядро дастурида ёрдам беришини истайди, деб ёзганди The Wall Street Journal август ойида.

Ғарб матбуоти Саудия Арабистони ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш бўйича келишув Яқин Шарқдаги сўнгги ўн йилликлардаги энг муҳим тинчлик келишуви эканини таъкидламоқда.

Исроил Мудофаа армияси расмий вакили Даниэль Хагари ташкилот Ғазо сектори шимолини тарк этаётган қочқинларни олиб кетаётган машиналарга зарба берилгани ҳақидаги хабарларни «ёлғон» деб атади.

Аввалроқ Ғазода Соғлиқни сақлаш вазирлиги Исроил Мудофаа армияси 13 октябрь куни ҳудуддаги асосий магистралга ҳаво ҳужуми уюштиргани, оқибатда ўнлаб одамлар ҳалок бўлгани ва 200 дан ортиқ киши жароҳатлангани ҳақида хабар берганди. Интернетда ҳужум оқибатлари акс этган видеолар тарқалди.

Axios нашри агар Исроил Ғазо секторида қуруқликдаги операцияни бошласа, Эрон вазиятга аралашиш билан таҳдид қилгани ҳақида ёзди.

Нашр ўзининг дипломатик манбаларга таяниб ёзишича, Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиян Эрон расмийлари ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги вазият янада кескинлашишини истамаслигини, бироқ Исроил армияси Ғазо секторида қуруқликдаги операцияни бошласа, вазиятга аралашишга мажбур бўлишини айтган. Вазир бу ҳақда 14 октябрь куни Байрутда БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус координатори Тор Веннесланд билан учрашувда гапирган.

БМТ орқали Исроилга йўллаган мурожаатида вазир Теҳрон можаронинг минтақавий урушга айланиб кетишини истамаслиги ва Ғазо секторида ҲАМАС жангарилари томонидан гаровга олинган тинч аҳолини озод қилишга ёрдам беришга ҳаракат қилишини таъкидлаган. Шу билан бирга, у Эроннинг ўз қизил чизиқлари борлигини ва агар Исроил армияси Ғазода қуруқликдан ҳужум қилиш ҳақидаги ваъдасини бажарса, Теҳрон бунга жавоб беришга мажбур бўлишини қайд этган.

БМТ координатори аллақачон Эрон хабарини Исроил расмийларига етказган. Исроил бош вазири девони бунга изоҳ беришдан бош тортган.

ҲАМАС Россия президенти Владимир Путинга «тажовуз ва Ғазо блокадасига қарши позицияси», шунингдек, «Россиянинг сионистик агрессияни тўхтатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари» учун миннатдорлик билдирди. Бу ҳақда ташкилотнинг 14 октябрга куни тарқатган баёнотига таяниб, Meduza хабар берди.

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров платформа раҳбарияти нега Исроилга ҳужум қилган ҲАМАС гуруҳининг каналини ўчириб ташламаётганига изоҳ берди.

«Telegram модераторлари ва сунъий интеллект воситалари ҳар куни бизнинг оммавий платформамиздан миллионлаб зарарли материалларни ўчириб ташлайди. Бироқ урушни ёритиш муаммосини ҳал қилиш камдан-кам ҳолларда аниқ, равшан бўлади. Шу ҳафта бошида ҲАМАС Ашкелонга ракета ҳужумлари олдидан тинч аҳолини ҳудудни тарк этишлари ҳақида огоҳлантириш учун Telegram`дан фойдаланди. Ушбу канални ўчириб юбориш инсонлар ҳаётини сақлаб қолишга ёрдам берадими ёки уларни хавф остига қўядими?» — деб ёзган Дуров.

Унинг таъкидлашича, бундай мураккаб вазиятлар «ижтимоий платформалар ўртасидаги фарқларни ҳам ҳисобга олиш керак бўлган эҳтиёткор ҳаракатларни талаб қилади».

«Даҳшатли контентни ҳеч нарсага шубҳа қилмайдиган одамларга алгоритмли тарзда илгари сурадиган бошқа мобил дастурлардан фарқли ўлароқ, Telegram`да фойдаланувчилар фақат ўзлари обуна бўлган контентни қабул қилади. Шунинг учун Telegram каналларидан пропагандани сезиларли даражада кучайтириш учун фойдаланиш имконли бўлмаса керак. Аксинча, улар тадқиқотчилар, журналистлар ва фактчекерлар учун биринчи қўл маълумотларнинг ноёб манбаи бўлиб хизмат қилади. Гарчи бу маълумот манбасини йўқ қилиш биз учун осон бўлса-да, қийин вазиятни янада оғирлаштиришимиз хавфи бор», — дея қўшимча қилган Дуров.

Human Rights Watch Исроил ҳарбийлари Ғазо ва Ливанда оқ фосфорли ўқ-дорилардан фойдаланганини маълум қилди.

Ташкилот 10 ва 11 октябрь кунлари бундай ўқ-дорилар қўлланганини тасдиқловчи видеоёзувларга таяниб хабар берган. Кадрларда Ғазо шаҳри порти ва Исроил-Ливан чегарасидаги иккита аҳоли яшаш пункти устидан артиллерия қуролларидан отилган оқ фосфорнинг чақнашлари акс этган, дейилади баёнотда.

Оқ фосфор кучли куйишга олиб келиши, шунингдек, инсон саломатлигига узоқ муддатли зарар етказиши мумкин. У кимёвий қурол ҳисобланмайди, чунки асосан захарлаш орқали эмас, балки иссиқлик ва олов орқали зарар етказади, дея қайд этган ташкилот.

Оқ фосфор нафақат ёндирувчи қурол сифатида, балки қўшинлар ҳаракатини ниқобловчи ва инфрақизил оптикага халақит берувчи тутун қопламини яратиш учун ҳам қўлланади.

Исроил Мудофаа армияси оқ фосфорли снарядлардан 2008−2009 йиллардаги операцияси пайтида фойдаланган. Ўшанда Исроил Ташқи ишлар вазирлиги улардан айнан тутун қоплами яратиш учун фойдаланилгани ҳақида хабар берганди. Бироқ Human Rights Watch`га кўра, ўшанда ҳуқуқ ҳимоячилари Ғазо секторидаги тинч аҳоли жабрланганини қайд этган.

Шундан сўнг — 2013 йилда Исроил ҳарбийлари мамлакат Олий судига «икки нозик вазиятдан» ташқари бошқа ҳолатларда аҳоли яшаш пунктларида оқ фосфордан фойдаланмаслигини маълум қилганди. «Икки нозик вазият» айнан қандай вазиятлар экани ҳақида маълумот берилмаган.

Ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар

Сўнгги маълумотларга кўра, ҲАМАС ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган исроилликлар сони 1400 нафардан ошди, 2,5 мингга яқин одам яраланган.

Исроил зарбалари туфайли Ғазо секторида ҳалок бўлганлар сони 2670 кишига етди, камида 9600 киши жароҳатланган. Исроил ҳарбийлари Ғазо секторини ўққа тутганидан кейин мингдан ортиқ одам бедарак йўқолгани айтилмоқда.