17 октябрь куни соат 17:00 да Ўзбекистон давлат санъат музейида Tashkent Modernism.Index кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтади. Бу ҳақда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси матбуот хизмати хабар берди.

Кўргазма биринчи марта апрель ойида Милан шаҳрида тақдим этилган. Ўшанда Тошкент модернизми ҳақидаги кўргазмани 77 мингдан ортиқ киши томоша қилган.

Жамоатчилик Армин Линке тасвирга туширган фотосуратлар ва модернистик ёдгорликларга оид тадқиқот талқинлари ва уларни муҳофаза қилиш стратегияларини кашф этувчи архив ҳужжатлари билан танишган, дейилади хабарда.

Tashkent Modernism.Index тақдимоти Давлат санъат музейидаги сара тўпламлардан иборат 1960−80 йиллардаги қўшимча архив ҳужжатлари ва санъат асарлари билан тўлдирилиб, ташриф буюрувчиларга мазкур давр маданияти ва меъморчилиги билан чуқурроқ танишиш имконини беради.

Кўргазма 20−31 октябрь кунлари соат 10:00 дан 19:00 гача давом этади ва кириш бепул.