Ўзбекистонда автомобилларни марказий вокзалларга киритиш имконияти кўриб чиқилади. Бу президентнинг 10 октябрдаги «Темир йўл транспорти соҳасини ислоҳ қилиш тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Хусусан, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятига 2024 йил 10 мартга қадар барча турдаги йўловчи ташувчи автотранспорт воситаларининг марказий вокзалларга киришига рухсат бериш бўйича таклиф ишлаб чиқиш топширилди.

Шунингдек, 2024 йилнинг 1 декабрига қадар барча вокзаллардаги майдонларни оптимизация қилиш, бўшайдиган ҳудудларда савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталарини ташкил этиш мақсадида ким ошди савдоси орқали тадбиркорларга ижарага бериш режалаштирилмоқда.

«Йўл харитаси»га кўра, монопол ва рақобатбардош хизматлар турларини давлат томонидан тартибга солишнинг асосий тамойиллари ва механизмларини ишлаб чиқиш белгиланди.

Бундан ташқари, «Ўзбекистон темир йўллари» хусусий операторларга темир йўл инфратузилмаси ва локомотив хизматларидан тенг фойдаланишни таъминлаш механизмларини ишлаб чиқиши керак.

Аввалги йилларда вокзал ва аэропортларга кириш босқичма-босқич кучайтирилган. Йўловчилар назоратнинг бир неча босқичларидан ўтишга мажбур бўлган, яқинларини кузатиб ёки кутиб олувчилар станция ҳамда аэропорт биноларига киритилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил апрель ойида аэропортлар, шунингдек, темир йўл ва автовокзалларга киришни соддалаштириш тўғрисидаги қарорни имзолаган.

Ҳужжатда мазкур қарор аэровокзал, темир йўл ва автобус вокзалларида йўловчи ҳамда ташриф буюрувчилар учун замонавий талаблар асосида кўрсатилаётган хизматлар сифатини тубдан яхшилаш, кириб-чиқишни соддалаштириш, зарур шароитлар яратиш ҳамда вокзаллар ва уларга тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантириш қайд этилган.

2023 йилнинг сентябрь ойи бошида Тошкент шимолий вокзалида бир босқичли назорат пункти жорий этилди — ҳужжатларни текшириш ва багажни кўздан кечириш энди бир жойда амалга оширилмоқда.