10 октябрь куни 01 777 RRR автомобиль рақами кимошди савдосида 893,97 млн сўмга (Марказий банкнинг ўша кундаги курси бўйича 73,27 минг АҚШ доллари) сотилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.

Ким ошди савдоси бошланганидан сўнг лот нархи бошланғич 297 млн сўмдан 3 бараварга ошди. Бу эса уни Ўзбекистондаги юридик шахслар учун энг қиммат «чиройли» давлат рақамига айлантирди.

Бир ярим соат давом этган онлайн-аукционда икки нафар иштирокчи қатнашди. Улар жами 49 та нарх таклифини тақдим этди.

Давлат рақамининг янги эгаси 30 кун ичида уни ЙҲХХдан рўйхатдан ўтказиши керак.

2022 йил май ойида юридик шахслар учун 50 777 ZZZ давлат рақами 669 млн сўмга сотилган эди.