Хитойнинг BYD автоконцерни Тошкент ҳокимлиги билан рамка шартномасини имзолади, унга кўра пойтахт ҳокимлиги 2000 K9UD eBus электробусларини харид қилади, деб хабар қилди компания матбуот хизмати «Газета.uz»га.

Компаниянинг қайд этишича, BYD электробусларни маҳаллий иқлим ва Тошкентдаги йўл шароитларига мослаб ишлаб чиқаради.

K9UD eBus модели узунлиги 12 м бўлиб, 90 нафаргача йўловчини сиғдира олади. Паст пол кексалар ва болаларнинг автобусга чиқиш ва тушишини осонлаштиради, кенг салон эса ҳайдаш қулайлигини оширади, дейилади хабарда.

200 та электробуснинг биринчи партияси 2024 йилда келтирилиши кутилмоқда.

byd, электробус, тошкент

«Биз BYD ноль эмиссияли электр автобусларини Тошкентга олиб келганимиздан мамнунмиз. Биз Тошкент ҳокимлиги билан биргаликда аҳолини хавфсиз, ишончли, қулай ва тоза жамоат транспорти билан таъминлашга умид қиламиз», — деди BYD Тижорат транспорт воситаларини эксплуатация қилиш департаменти бош директори Чунлун Тянь.

Тошкент ҳокими в. б.Шавкат Умурзоқов BYD электробусларини харид қилиш бўйича ушбу келишув Ўзбекистоннинг «яшил» иқтисодиётга ўтиш стратегиясига мос келиши, транспортни электрлаштириш фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилишини таъкидлади.