5 октябрь куни Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов Бразилиянинг АҚШдаги элчиси Мария Виотти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.

Мария Виотти Бразилияда ўрнатилган протокол тартиб ва таомилларга мувофиқ ҳамда Ўзбекистон элчисини аккредитация қилиш масаласини тезлаштириш мақсадида ушбу мамлакат ташқи ишлар вазирлиги унга ишонч ёрлиғи нусхасини қабул қилиш учун ваколат берганини маълум қилди.

Шу муносабат билан Бразилиянинг АҚШдаги дипломатик ваколатхонасида Ўзбекистоннинг Бразилиядаги элчиси (қароргоҳи Вашингтонда) тайинлангани тўғрисидаги ишонч ёрлиғи нусхасини топшириш маросими бўлиб ўтди.

«Ўзбекистон раҳбариятига Бразилиядаги ўз вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори учун ҳукуматим номидан миннатдорлик билдираман. Бу эндиликда икки томонлама кун тартибини сифат жиҳатидан янги мазмун билан бойитишга хизмат қилишига ишонаман», — деди Мария Виотти.

Бразилия элчиси январь-август ойларида савдо айланмаси 500 млн долларга етганини, Ўзбекистон Бразилиянинг Марказий Осиё минтақасидаги асосий иқтисодий ҳамкорига айланганини қайд этди. Учрашув давомида Бразилия ҳукумати томонидан Тошкентда элчихона очиш масаласи ўрганиб чиқилаётгани маълум қилинди.

Учрашув якунида томонлар ишонч ёрлиғининг асл нусхасини Бразилия президенти Луис да Силвага топшириш учун Ўзбекистон эличисининг ушбу мамлакатга ташрифини 2023 йилнинг охирига қадар уюштириш бўйича келишиб олди. Сафар давомида йирик ишбилармонлар доиралари вакиллари, савдо палаталари, турли тижорий уюшмалари ва етук корхоналари раҳбарлари билан музокаралар ўтказиш масаласи биргаликда ишлаб чиқилади.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Сенат Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси лавозимига илгари ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Фурқат Сидиқов номзодини маъқуллаганди. Май ойида у АҚШ президент Жо Байденга ишонч ёрлиқларини топширган.