Тошкент аэропортининг аэродром мажмуасида самолётлар тўхташ жойлари ва юриш йўлини капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар бермоқда.

Хусусан, B1-B5 ва 11-B17 самолёт турар жойларини, шунингдек, RD-B юриш йўлини капитал таъмирлаш ишлари бошланди. Капитал таъмирлаш доирасида сунъий қоплама мустаҳкамланади.

«Бу жойда охирги марта таъмирлаш ишлари 2000-йилларда амалга оширилган. Фойдаланиш муддати узоқ бўлгани сабабли таъмирлашни талаб қилувчи нуқсонли жойлар шаклланган», — дея изоҳ берилди компаниянинг парвозларга аэродромда техник таъминот кўрсатиш бўлими томонидан.

Таъмирланаётган асфальт ва бетон аралашмасининг умумий майдони 92 минг квадрат метрни ташкил қилади.

Uzbekistan Airports матбуот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, жараён парвозларга таъсир қилмайди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Тошкент аэропортининг иккинчи учиш-қўниш йўлаги тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилганди.