Тошкент халқаро аэропортида саккиз ойга яқин давом этган иккинчи учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш ишлари якунланди. 12 апрель куни «Газета.uz» журналистлари бошқа ОАВ вакиллари янгиланган учиш-қўниш йўлагига қўнган биринчи рейсни кутиб олди.

uzbekistan airports, тошкент халқаро аэропорти

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

08R-26L учиш-қўниш йўлагининг узунлиги 3905 метр ва кенглиги 60 метр бўлиб, у барча турдаги самолётларни қабул қилади, шунингдек, 285 тоннагача юкларга бардош беради.

uzbekistan airports, тошкент халқаро аэропорти

Фото: Антон Абрамов / Uzbekistan Airports

«Йўлак охирги марта 1996 йилда реконструкция қилинганини ҳисобга олсак, бу Тошкент аэропорти учун жуда муҳим воқеа», — деди Uzbekistan Airports акциядорлик жамияти бошқаруви раиси Раъно Жўраева.

uzbekistan airports, тошкент халқаро аэропорти

Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Шунингдек, учиш-қўниш йўлаги Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ХФАТ)нинг биринчи тоифасига мос келадиган замонавий энергия тежовчи ёритиш ускуналари ва қўниш тизимига эга. Бу эса горизонталь кўриниш 800 метр ва вертикаль кўриниши 60 метр бўлганда ҳам самолётга қўниш имконини беради.

«Парвозлар сони ҳар йили тахминан 50 фоизга ошмоқда. Ҳозир пойтахт ҳаво бандаргоҳида кунига ўртача 140 та рейс амалга оширилмоқда. Тошкент эса хаб — марказга айланиб бормоқда», — деди Раъно Жўраева.

Реконструкция лойиҳаси 120 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Йўлакни реконструкция қилиш лойиҳаси Development infrastructure and design томонидан ишлаб чиқилган. Ишлар эса Dorkompleksnab Plus пудратчи компанияси томонидан амалга оширилган.

uzbekistan airports, тошкент халқаро аэропорти

Чап учиш-қўниш йўлаги. Фото: Маъмуржон Обраҳматов / «Газета.uz»

Аэропортнинг чап (биринчи) учиш-қўниш йўлаги (08Л-26Р) 2021 йилда реконструкция қилинган — у ҳам мустаҳкамланган ва халқаро хавфсизлик талабларига мувофиқ жиҳозланган.

Янгиланган учиш-қўниш йўлагига қўнадиган биринчи самолёт Uzbekistan Airways`нинг Дубайдан Тошкентга HY-334 рейсини амалга оширувчи самолёт бўлди.