Буюк Британия ҳукумати 2009 йил 1 январь ёки шу санадан кейин туғилганларга Англияда тамаки маҳсулотларини сотишни тақиқловчи қонунчиликни жорий этишни режалаштирмоқда. Шу йўл орқали мамлакат ҳукумати биринчи «чекмайдиган авлод»ни яратишга уринмоқда.

Британия ҳукумати веб-сайтига кўра, 14 ёшга тўлган ёки ундан кичик бўлган болаларга қонуний равишда сигарет сотилмаслигини ифода этувчи ўзгариш чекиш ёшини ҳар йили бир йилга самарали оширади. «Бу 2040 йилга бориб ёшлар орасида чекишни деярли тамомила тўхтатиш имконини беради», — дейилади хабарда.

«Мен фарзандларимиз учун яхшироқ ва ёрқин келажакни қурмоқчиман, шунинг учун чекишни бутунлай йўқ қилмоқчиман. Бу ўзгаришлар фарзандларимиз ҳеч қачон сигарет сотиб ололмаслигини англатади», — деди Британия бош вазири Риши Сунак.

Британия ҳукумати маълумотларига кўра, Буюк Британияда ҳар йили чекиш оқибатлари туфайли 64 мингга яқин одам вафот этади. Бундан ташқари, ҳар ой умумий амалиёт шифокорига 75 мингтагача келиб тушаётган шикоятлар чекиш билан боғлиқ касалликлар туфайлидир. Чекиш, шунингдек, мамлакат иқтисодиётига ҳар йили тахминан 17 миллиард фунт стерлинг зарар келтиради.

«Чекиш жиноят деб топилмайди. Босқичма-босқич ёндашув шуни англатадики, ҳозир қонуний равишда сигарет сотиб олиши мумкин бўлганлар келажакда ҳам сотиб олиши мумкин бўлади», — дейилади хабарда.

Ҳукумат, шунингдек, ёшлар ўртасида вейпинг (электрон сигарет)га қарши кураш чораларини кўриш ниятида эканини эълон қилди.

Шунга ўхшаш қонун Янги Зеландияда 2022 йилдан бери амалда бўлиб, 2009 ёки ундан кейин туғилган фуқароларга бутун умри давомида сигарет сотиб олишни тақиқлайди. Бу йил ёзда мамлакат расмийлари бир марталик вейпларни сотишни ҳам тақиқлаган.