Германия ҳукумати Ўзбекистон, Грузия, Молдова, Кения, Колумбия ва Қирғизистон билан ноқонуний муҳожирларни ўз ватанларига тезкорлик билан қайтаришни кўзда тутувчи миграцион ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб хабар қилди Deutsche Welle Ички ишлар вазирлиги вакилига таяниб.

Нашрнинг қайд этишича, икки Марказий Осиё давлати билан музокаралар анча олдинга силжиган. Май ойи бошида Ўзбекистон билан, сентябрь охирида эса Қирғизистон билан ўзаро англашув меморандуми имзоланган.

Ички ишлар вазирлиги матбуот котибининг сўзларига кўра, гап ноқонуний қочқинлар сонини камайтириш ва шу билан бирга Германияга қонуний иммиграция учун имкониятлар яратиш ҳақида бормоқда.

Германия ҳукуматининг миграция келишувлари бўйича махсус комиссари Йоахим Штамп (Joachim Stamp) сентябрда Кенияда музокаралар олиб борди.

Колумбия ҳам, ИИВ вакилининг таъкидлашича, мазкур рўйхатдан жой олган, хусусан, ушбу мамлакат фуқароларининг бошпана сўраб мурожаатлари сони 2018 йилдаги 140 тадан 2023 йилнинг биринчи ярмида 1500 тагача кўпайган.

Унинг аниқлик киритишича, «Грузия ва Молдова алоҳида устуворликларга эга, чунки Германияда бошпана сўрови рад этилган аризаларнинг 10 фоиздан ортиғи фақат шу икки давлат фуқароларидан келади». Шундай қилиб, 2023 йилнинг январидан августигача Грузия фуқароларидан 7405 та, Молдовадан 2124 та мурожаат келиб тушган. Тбилиси ва Кишинёв ҳукуматлари музокараларга тайёрлигини билдирди.

Айни пайтда федерал ҳукуматнинг Ҳиндистон билан тайёр миграция келишуви мавжуд.