3 октябрь — сешанба куни «Ўзтемирйўловчи» компанияси 20 октябрдан Ўзбекистонда маҳаллий поезд чипта нархлари оширилишини маълум қилди.

Бунга сабаб қилиб, компания 4−5 йилдан бери нарх ошмаганини кўрсатди. Қолаверса, мамлакатда иш ҳақи 2,4 баробарга, электроэнергия ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошгани айтилди. Шунингдек, йўловчи вагон парклари янгиланиши, янги поездлар харид қилиниши, темир йўл вокзаллари замон талабларига мос равишда сақлаб турилиши учун нарх оширилгани келтирилди.

Энди 20 октябрдан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари нархи 100 фоизга (2 бараварга) оширилади.

Бунинг ортидан ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари турли фирклар билдира бошлади. «Газета.uz» муносабатларнинг айримларини бир саҳифага жамлади.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, «шу кунгача Бухоро, Қарши ё Самарқандга қатнайдиган тезюрар Афросиёб электропоездига чипта олиш учун ё Кабмин (Вазирлар Маҳкамаси)да ё администрация (Президент администрацияси)да таниш бўлиши ёки қанақадир коррупцион каналларга мурожаат қилишга тўғри келарди».

Блогер соҳада нархлар ўзгариши керак эди, деган фикрда. Бироқ «зарарга ишлаётган соҳада мувозанат ва сифат учун бу етарли бўлмайди».

«Хусусан, чипта сотиб олиш ва бронлаш тизимида ҳукумат, йирик корпоратив мижозлар, туристик компанияларнинг устуворлигини тўлиқ бекор қилиш керак. Тунги ва тушги соатларда ҳам «Афросиёб»нинг қўшимча қатновларига дарча топиш лозим бўлади… Одатда, эркин бозор шароитида тезюрар поездларнинг чиптаси нарх сегменти авиачипта нархи сегментида шаклланади. Лекин Ўзбекистонда ҳаво ва темир йўл транспортида эркин бозор эмас, структуралашган, вертикаллашган, монополлашган ва ўзаро аффилланган шароит ҳукмрон», — дея ёзади иқтисодчи.

Шунингдек, у темир йўлчилардан кейин авиаташувчилар ҳам чипта нархларини жиддий миқёсда оширишга ҳаракат қилиб кўрмасмикан, деган қўрқувда.

Журналист Илёс Сафаров эса қуйидагича фикр билдирган: «Қайси соҳани ривожлантирамиз, ислоҳ қиламиз, дея селектор, йиғилиш ўтказилаётган бўлса, ўша тизим ё орқага кетяпти ва (ёки) тизимдаги нархлар одамларга оғирлиги тушадиган даражада қимматлаяпти. Илтимос, тўхтатинг ислоҳотларни. Маълумот учун: Ўзбекистонда поезд чипталари нархи 50 фоиз, „Афросиёб“ чипталари нархи 100 фоизга оширилди. Одамларнинг харид қобилияти билан ҳисоблашилмайдиган ижтимоий давлатга хуш келибсиз».

Таълим эксперти Комил Жалилов чипталарни сотиб оладиган ўқитувчиларнинг таҳминий ҳолатини тасаввур қилиб кўрган: «Мана энди, темир йўл соҳасидаги „ислоҳот“ чипталарнинг 100%гача қимматтлашишига олиб келди — энди ўртача иш ҳақи оладиган ўқитувчи „Афросиёб“ тез юрар поездида бир ўзи Тошкентдан Самарқандга бир марта бориб келиш учун ойлигининг 10%идан кўпроғини сарфлаши керак бўлади».

Troll.uz Telegram-канали муаллифи Умид Гафуров ҳамма нарсанинг нархлари ошаётгани, лекин ойликлар кўтарилмаётганини танқид қилган.

Журналист Шуҳрат Шокиржонов шундай яхши умид билдирди: «Отлиққа ҳам топилмайдиган чипта энди бемалолроқ бўлиб қолса гўрга эди шу билан».

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

Facebook фойдаланувчиси Абдулла Омон Ўзбекистонда «100 фоизга оширишни имкони йўқ фақат — ойлик иш ҳақи бор», дея киноя қилган.

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

Фаоллар орасида вазиятни ҳазлга айлантирганлар ҳам йўқ эмас.

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

Ушбу ўзгаришга нисбатан Twitter платформасида ҳам турли ҳазиллар, фикр ва муносабатлар пайдо бўлди.

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

афросиёб, нархлар ошиши, поезд, ўзтемирйўловчи

Маълумот учун, компания, шунингдек, 20 октябрдан маҳаллий темир йўл юкларини ташиш учун амалдаги тариф ставкаларига янги коэффициентлар ўрнатилишини маълум қилганди. Бу компаниянинг ёқилғи ва электр энергияси, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва иш ҳақи фонди учун харажатларининг ошиши билан боғлиқ.