Ўзбекистонда 20 октябрдан маҳаллий поезд чипта нархлари оширилади. Бу ҳақда «Ўзтемирйўловчи» компанияси матбуот хизмати хабар берди.

Компания йўловчи поездлар чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида қайта кўриб чиқилганини эслатиб, охирги 4−5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келаётганини қайд этди.

«2019−2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида республикада иш ҳақи миқдори 2,4 баробарга, электроэнергия ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошгани, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда», — дейилади хабарда.

Шу муносабат билан 20 октябрь санасидан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларида 100 фоизга оширилади.

Компания, шунингдек, 20 октябрдан маҳаллий темир йўл юкларини ташиш учун амалдаги тариф ставкаларига янги коэффитсиентлар ўрнатилишини маълум қилди.

Бу компаниянинг ёқилғи ва электр энергияси, ер солиғи, мол-мулк солиғи ва иш ҳақи фонди учун харажатларининг ошиши билан боғлиқ.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 октябрдан юридик шахслар учун электр энергияси ва газ тарифлари оширилганди.