«Газета.uz» 2023 йил 1 октябрдан кучга кирадиган қонунчиликдаги ўзгаришлар рўйхатини тақдим этади. Дайжест Aдлия вазирлиги маълумотлари асосида тайёрланди. Қуйида уларни тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этамиз.

1. Бизнес учун электр энергияси ва газ нахри ошади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 1 октябрдан йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархлари оширилади. Қуйидагилар учун нарх ошди:

  • I ва II гуруҳ истеъмолчилари — Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ КМК, Ўзбекистон металлургия комбинати ва уларнинг таркибий корхоналари, бюджет ташкилотлари, шунингдек, насос станциялари учун 1 кВт/соат электр энергияси нархи 450 сўмдан 1000 сўмга (2,2 марта) ошади, бошқа юридик шахслар (компаниялар) учун эса — 450 сўмдан 900 сўмгача (2 баравар).
  • Навоий КМК, Олмалиқ КМК, «Ўзметкомбинат» ва бюджет ташкилотлари учун бир кубометр газ нархи 660 сўмдан 1800 сўмгача (2,7 баравар) оширилади. Бошқа юридик шахслар учун эса нарх 660 сўмдан 1500 сўмгача (2,3 баравар) ошади.
  • Бундан ташқари, газ қуйиш шохобчаларида келгуси олти ой давомида қатъий нарх чегараси — бир куб метр учун 3250 сўм этиб белгиланди.

2. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар фақат суд томонидан қўлланилади

Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги [ПФ-158-сон] фaрмони асосида тадбиркорларга миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.


3. Оғир ҳаётий вазиятдаги ҳар бир оила бўйича «ижтимоий хизмат иши» юритилади

Президентнинг 2023 йил 11 сентябрдаги [ПҚ-300-сон] қарорига кўра, 1 октябрдан оғир ҳаётий вазиятга тушган ёки тушиш хавфи юқори бўлган ҳар бир оила бўйича алоҳида «ижтимоий хизмат иши»ни юритиш тартиби жорий этилади.

Бунда, ушбу оилаларда шароитни яхшилаш, уларга даволаш, дори воситалари билан таъминлаш, фарзандларини мактабгача ва мактаб таълими ташкилотларига жойлаштириш, моддий ёрдам бериш каби ижтимоий хизматлар кўрсатиш назарда тутилади.


4. Қамоқдан чиққан шахсларга иш берганларга субсидия ажратилади

Ҳукуматнинг 2023 йил 5 сентябрдаги [450-сон] қарорига мувофиқ, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ишга қабул қилган иш берувчиларга ҳар бир шахс учун 3 ойдан ортиқ муддатда меҳнат фаолиятини давом эттиргандан сўнг БҲМнинг 3 баравари (990 минг сўм) миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.

Бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари, устав (фонди) капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар бундан мустасно.

Шунингдек, қуйидагилар йўлга кўйилади:

  • «Ишга марҳамат» мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларга касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш;
  • жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган шахсларни ташкилотлардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш тизими.

5. Айрим нафақа ва моддий ёрдам бўйича аризалар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали қабул қилинади

Президентнинг 2023 йил 1 июндаги [ПФ-82-сон] фармони билан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тасарруфига ўтказилади.

Шунингдек, аҳолига кўрсатиладиган барча турдаги ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар, шу жумладан кам таъминланган оилалар болалари учун нафақа ва моддий ёрдамлар бўйича аризалар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими орқали қабул қилинади.


6. Шамол станциясида ишлаб чиқарилган электр учун «Яшил энергия» сертификати берилади

Президентнинг 2023 йил 12 майдаги [ПҚ-156-сон] қарори асосида электрнинг қайта тикланувчи манбалар асосида ишлаб чиқарилганини тасдиқловчи «яшил энергия» сертификати тизими қуёш, шамол ва гидроэлектр станцияларида ишлаб чиқарилган электр учун жорий этилади.


7. Айрим фуқароларнинг халқаро IT-сертификатларини олиш харажатлари қоплаб берилади

Президентнинг 2023 йил 24 майдаги [ПҚ-162-сон] қарорига кўра, B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга фуқаролар томонидан тегишли йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими жорий этилади.


8. Табиий газ шартномаларига оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилади

Президентнинг 2023 йил 12 майдаги [ПҚ-157-сон] қарорига мувофиқ, Ўзбекистондан табиий газни қувурлар орқали ташийдиган корхоналарнинг газни қабул қилиш ва узатиш нуқталарига хроматограф ҳамда электрон ҳисоблагичлар ўрнатилиши мажбурий ҳисобланади.

Шунингдек, табиий газ ва суюқ углеводородни реализация қилиш тўғрисидаги шартномаларга оид маълумотлар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритиб борилади ва мазкур шартномалар юзасидан электрон ҳисобварақ-фактуралар Солиқ қўмитасининг ахборот тизимига киритилган маълумотлар асосида шакллантирилади.


9. Сейсмик хавфсизлиги II-IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича мутахассислар сертификатлаштирилади

Президентнинг 2023 йил 16 майдаги [ПҚ-158-сон] қарори билан сейсмик хавфсизлиги II-IV тоифадаги бино ва иншоотлар бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш, қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва назорат функцияларини амалга ошириш йўналишларидаги фаолият юритувчи мутахассисларни сертификатлаш тартиби жорий этилади.


10. Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри шакллантирилади

Президентнинг 2023 йил 6 июлдаги [ПФ-108-сон] фармонига асосан қуйидагилар амалга оширилади:

  • Эксклюзив ҳуқуқлар берилган хўжалик юритувчи субъектларнинг реестри (рўйхати) жорий этилади;
  • Рақобат қўмитаси битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятига (устун музокара кучига) эга бўлган субъектларни аниқлайди ва улар томонидан устун музокара кучини суиистеъмол қилишни тақиқлайди;
  • рақобатга қарши келишувни тузган ёки ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатни содир этган юридик ёки жисмоний шахс бу ҳақда Рақобат қўмитасига биринчи бўлиб ихтиёрий равишда хабар қилса, у рақобат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод этилади.

11. Муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига интеграция қилинади

Президентнинг 2023 йил 26 июлдаги [ПҚ-236-сон] қарорига кўра, Адлия вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Кадастр агентлиги, Солиқ қўмитаси ва бошқа давлат органлари ахборот тизимларидаги муниципал мулклар тўғрисидаги маълумотлар ушбу тизимларни ўзаро интеграция қилиш орқали «Рақамли Тошкент» комплекс дастурига юкланади.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида белгиланган объектлар негизида Компания томонидан лойиҳа қиймати 1 миллион АҚШ долларигача эквивалентдаги давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга оширишнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилади.


12. Сув ҳавзалари «E-auksion» орқали ижарага берилади

Президентнинг 2023 йил 18 августдаги [ПҚ-281-сон] қарори асосида тадбиркорларга «E-auksion» электрон савдо платформасида электрон онлайн аукцион орқали қуйидагилар ижарага берилади:

  • давлатга тегишли табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) — балиқни саноат усулида етиштириш, овлаш ва қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мақсадлар учун;
  • табиий ва сунъий сув ҳавзалари (сув омборлари) ҳамда дарё атрофидаги қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари — сув бўйида пляж зоналарини ташкил этиш, спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш, балиқ ови, қайиқда сузиш ва сув саёҳати бўйича хизматлар кўрсатиш, балиқ маҳсулотлари, шу жумладан балиқ таомлари савдоси, умумий овқатланиш ва бошқа туризм хизматларини ташкил этиш ҳамда ушбу мақсадларда енгил конструкцияли қурилмаларни (ўтов лагерлари мажмуаси, контейнерларни) жойлаштириш учун.

13. Шаҳарсозлик соҳасидаги айрим мутахассисларни сертификатлаш тизими жорий этилади

Президентнинг 2023 йил 28 августдаги [ПФ-151-сон] фармони билан шаҳарсозлик соҳасидаги қуйидаги тоифа мутахассисларни уларнинг фаолият йўналишлари бўйича ҳар 3 йилда бир марта сертификатлаш тизими жорий этилади:

  • лойиҳа бошқарувини ва техник назоратни, шу жумладан йўналишлар бўйича назоратни олиб борувчи мутахассислар;
  • лойиҳа ташкилотларининг муаллифлик назоратини олиб борувчи мутахассислар, шунингдек, лойиҳа бош муҳандислари ва бош архитекторлари;
  • пудрат ташкилотларининг ички назоратини амалга оширувчи мутахассислар;

14. Капитал бозори янада ривожлантирилади

Президентнинг [ПҚ-291-сон] қарорига мувофиқ, қуйидагилар:

  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарнинг акциялари фонд бозорида оммавий таклиф қилиш орқали жойлаштирилгандан сўнг камида 7 йил давомида мазкур корхоналар соф фойдасининг камида 30 фоизи дивиденд тўлашга йўналтирилади;
  • давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган корхоналарга хизмат кўрсатувчи андеррайтерларнинг хизмат ҳақи қимматли қоғозлар режалаштирилганга нисбатан қимматроқ ва (ёки) кўпроқ жойлаштирилганлиги натижасида шартномада келишилган миқдордан ошган ҳолларда, шартнома бошланғич нархини 10 фоиздан ортиққа оширмаслик тўғрисидаги чеклов бекор қилинади.

15. Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ташкил этилади

Президентнинг 2023 йил 8 сентябрдаги [ПҚ-296-сон] қарорига кўра, 1 октябрдан Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда унинг 14 ҳудудий филиали ташкил этилади. Марказ:

  • ҳомиладор аёллар ва янги туғилган болалар скрининги бўйича ихтисослаштирилган ҳамда юқори технологик диагностика ва даволаш амалиётларини жорий этади;
  • акушерлик-гинекология, тиббий-генетик маслаҳат, соғлом оилани режалаштириш, молекуляр-генетик текширув, пластик ва эстетик гинекология, ёрдамчи репродуктив технологиялар хизматларини ташкил этади.

2023 йил 1 октябрдан бирламчи тиббиёт-санитария ёрдами муассасаларида мутахассисларни жорий этилаётган янги тизим бўйича ўқитиш йўлга қўйилади.

2024 йил 1 октябрдан ҳар йили 100 тагача имтиёзли тоифага кирувчи шахсларга ёрдамчи репродуктив технологиялар усуллари муваффақиятли қўлланганда ушбу амалиётни амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар қоплаб берилади.

Қарор билан шунингдек, Оналар ва болалар ҳамда аҳоли репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Дастурга кўра, ҳомиладор аёллар уй варақасини рақамлаштириш ва амалиётга жорий этиш назарда тутилган.


16. «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури амалга оширилади

Президентнинг 2023 йил 14 сентябрдаги [ПҚ-306-сон] қарори билан «Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш» комплекс дастури амалга оширилади.

Қуйидагилар «Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази» масъулияти чекланган жамиятларига онлайн ариза юбориш орқали дастурда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади:

  • камида 1 йил мобайнида ишлаётган ЯТТ, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунарманд, касаначи, НТТ, уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб, ижобий кредит тарихига эга бўлган шахслар.

2023 йил 1 октябрдан Дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларига, жумладан:

фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг берилади.

Бунда, 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади;

  • қиймати 1,5 миллиард сўмгача бўлган асосий воситалар 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга берилади;
  • инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 миллиард сўмгача грант маблағлари ажратилади.