23 сентябрь — 8 октябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида ўтказилаётган 19-Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси 43 медални қўлга киритди, дея хабар бермоқда Миллий олимпия қўмитаси.

байдарка ва каноэда эшкак эшиш, енгил атлетика, осиё ўйинлари, сув полоси, чим устида хоккей

2 октябрь ҳолатига кўра, терма жамоа 11 олтин, 14 кумуш ва 18 бронза медали билан 45 га яқин давлат орасида олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Биринчи ўринда Хитой 257 медаль (142 олтин, 76 кумуш, 39 бронза), Япония иккинчи (117: 30−43−44), учинчи ўринда Жанубий Корея (131: 30−39−62), тўртинчи ўринда Ҳиндистон (56: 13−21−22) бормоқда.

Ўзбекистон терма жамоаси 1 та олтин, 3 та кумуш ва иккита бронза медалини қўлга киритган бўлса-да, турнир жадвалида бир поғона пастга тушди. Хитой Таипейи (38: 12−10−16) бешинчи ўринга кўтарилди.

1 октябрь куни енгил атлетикачи Екатерина Воронина Осиё ўйинларидаги иккинчи медалини қўлга киритди. У кўпкураш дастурида (100 м тўсиқлар билан югуриш, баландликка сакраш, ядро улоқтириш, 200 м югуриш, узунликка сакраш, найза улоқтириш, 800 м югуриш) 6056 балл тўплаган ҳолда кумуш медаль соҳибасига айланди. Эслатиб ўтамиз, у 2014 йилги Осиё ўйинларида ҳам олтин медални қўлга киритган эди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси ўзи иштирок этган дастурнинг барча турлари бўйича финалга чиқди.

Дастлаб байдаркада 1000 метр масофага эшкак эшиш бўйича эркаклар ўртасида финал баҳслари ўтказилди. Унда Шаҳриёр Маҳкамов 3:49,978 дақиқа натижа билан маррага иккинчи бўлиб етиб келди ва ярим масофада пешқадам бўлган бўлса-да, делегация коллекциясига кумуш медални қўшиб қўйди. Биринчи ўринни хитойлик Чжан Донг (3:46,224), учинчи ўринни қирғизистонлик Родион Туйгунов (3:51,399) эгаллади.

Эркаклар ўртасидаги каноэда 1000 метр масофага эшкак эшиш дастурида Владлен Денисов Хитой Таипейи вакили Куан-Че Лайдан (4:15,942) 0,052 сония ортда қолиб, 4:15,994 дақиқа натижа билан кумуш медални қўлга киритди. Қозоғистонлик Тимофей Эмелянов учинчи ўринни эгаллади (4:18,810).

Байдаркада 500 м масофага эшкак эшиш баҳсларида Екатерина Шубина ва Арина Танатмишева жуфтлиги маррага учинчи (1:52.832 м) бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлди. «Олтин» — Хитой (1:49,944), «кумуш» — Қозоғистон (1:51,251) рақибларига насиб этди.

Сув полоси бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси барча учрашувларни ўтказиб, Осиё ўйинларини олтинчи ўринда якунлади. Ушбу дастурда олтин медаль ва Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмаси Хитой термасига насиб этди.

Чим устида хоккей бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Осиё ўйинларидаги илк ғалабасини қўлга киритди. «А» гуруҳида спортчилар 2 октябрь куни 5-турда Сингапур билан учрашиб, рақибларини 2:1 ҳисобида мағлуб этишди.

Шахмат бўйича жамоавий дастурда аёллар терма жамоаси Жанубий Кореяни 4:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, эркаклар жамоаси Эронга 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди. Кейинги турда эркаклар Хитой термасига, қизлар Гонконгга қарши баҳс олиб боради.