Жаҳон банки «Барқарор иситиш тизимига ўтиш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш» номли янги ҳисоботини эълон қилди. Унда Европа ва Марказий Осиёнинг (ЕМО) 23 та давлатида ушбу йўналиш бўйича ўтказилган таҳлил натижалари тақдим этилган, дея хабар берди банк матбуот хизмати.

Жаҳон банки айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига барқарор ва арзон хизматлар кўрсатишни таъминлаш, самарасиз, кўп углеродли ёқилғиларга қарамликни камайтириш мақсадида ҳудудий иссиқлик таъминоти секторини тубдан модернизация қилишга чақирган.

Ҳисоботда иситиш хизматларини янада самарали, яшил ва ҳамма учун молиявий тарафдан имконли қилиш зарурлиги таъкидлаб ўтилган. Аср ўрталарига келиб атмосферага чиқиндиларнинг нолга тенг бўлишига эришиш учун ЕМО минтақаси бугунги кунда минтақавий энергия истеъмолининг қарийб 24 фоизи ва иссиқхона газлари чиқиндиларининг тахминан 22 фоизи ҳиссасига тўғри келувчи иситиш секторини тубдан қайта ташкил этиши лозим.

«Европа ва Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари экологик барқарор иситиш тизимига ўтишни кечиктирмаслиги керак. Тозароқ ва самаралироқ иситиш технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишни мақсадли субсидиялайдиган тегишли сиёсат ва давлат дастурларини қабул қилиш орқали мамлакатлар шу ўн йилликнинг ўзида иссиқликка бўлган талабни камайтириши, ҳаво сифатини яхшилаши ва атмосферага чиқиндиларни камайтириши мумкин», — дейди Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё бўйича вице-президенти Антонелла Бассани.

Ҳисоботда қайд этилишича, инвестиция етишмаслиги сабабли Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари иссиқлик сектори кўпинча сифатсиз хизматлар кўрсатади, ўз харажатларини тўлиқ қоплай олмайди, атроф-муҳитга жиддий зарар етказади ва одамлар ҳаёти ҳамда уларнинг даромад манбаларига салбий таъсир кўрсатади.

Минтақа аҳолисининг 30 фоизга яқини (асосан шаҳарларда) асосан марказлашган иссиқлик таъминоти корхоналари хизматларидан фойдаланади, улар субсидияланган қазиб олинадиган ёқилғида ишлайди ва инфратузилмани ёмонлаштириши ва молиявий барқарорлиги пастлиги билан ажралиб туради. Қишлоқ жойларда кўпчилик уй хўжаликлари ўтин ёки кўмир ёқиладиган, атмосферага кўп зарарли чиқинди чиқарадиган печ ва котёлдан фойдаланади.

Ушбу иссиқлик манбалари ҳавонинг сезиларли даражада ифлосланишига сабаб бўлади, бу эса ҳар йили 302 минг кишининг ўлимига олиб келади ва минтақавий ялпи ички маҳсулотнинг 7 фоизи даражасидаги ижтимоий харажатларга олиб келади, дейилади ҳисоботда.

Бундан ташқари, иситиш хизматларининг нархи асосий муаммо бўлиб қолмоқда: минтақа аҳолисининг учдан бир қисми иссиқлик таъминоти учун тўловларни тўлашда қийналмоқда ёки уйларини тўғри равишда иситишга қодир эмас, биноларнинг эскириши ва энергия самарадорлигининг пастлиги вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.

Ҳисоботда қайд этилганидек, минтақанинг барқарор иситиш тизимига ўтиши ўлим даражаси ва ифлосланишдан келиб чиқадиган ижтимоий харажатларнинг сезиларли даражада камайишига олиб келиши ва чиқиндиларни камайтиришга замин яратиши мумкин. Қайта ташкил этиш орқали 2024 ва 2050 йиллар оралиғида биноларни иситиш билан боғлиқ бўлган 8,9 гигатонна СО2 эмиссиясининг олдини олиш мумкин.

Ҳисобот муаллифлари минтақада ҳудудидаги иссиқлик таъминоти секторининг ҳолати ва тенденцияларини ўрганган, барқарор иситиш тизимига ўтиш йўлидаги бутун минтақа учун тегишли бўлган тўсиқлар ва муаммоларни аниқлаган, иситишнинг турли вариантларини (шу жумладан ёқилғи, технологиялар ва харажатларни) баҳолаш натижаларини келтирган ва ҳукуматларга бундай лойиҳаларни режалаштириш ва амалга ошириш учун, жумладан, иқтисодий сиёсат чоралари ва иқтисодий дастурларини ўз ичига олувчи концепцияни таклиф қилган.

Ҳисоботда ҳукуматларга барқарор иситиш тизимига ўтиш бўйича самарали режаларни ишлаб чиқишда ёрдам берадиган стратегия таклиф қилинган, у учта элементни ўз ичига олади:

1. Биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш орқали иситиш учун энергия сарфини камайтириш. Янги бинолар учун қаттиқроқ қурилиш қоидаларини жорий этиш ва мавжуд биноларни модернизация қилишни жадаллаштириш. Бунинг натижасида 2050 йилга келиб иссиқлик таъминотига бўлган талаб икки баравар камайишига эришиш мумкин, бу эса ҳукуматлар, корхоналар ва одамлар учун ўтиш жараёнини анча арзонлаштиради.

2. Иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлса, шаҳарнинг аҳоли зич жойлашган туманларида марказий иситиш тизимларини ривожлантириш ва карбонсизлантиришга кўмаклашиш. Мавжуд марказлаштирилган иситиш тизимларини янгилаш ва қуёш ва геотермал энергия, иссиқлик чиқиндиси ва барқарор биомасса каби экологик тоза ёқилғига ўтиш. Марказий иситиш тизимлари самарали ишламаётган ёки иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқ бўлмай қолган ҳолларда, тармоқдан ташқари иситиш тизимларига тартибли ўтиш талаб қилиниши мумкин.

3. Аҳоли кам яшайдиган ҳудудларда экологик тоза индивидуал иситиш тизимларини жорий этишни рағбатлантириш. Иссиқлик таъминоти тизими учун иссиқлик насослари ёки брикетда ишлайдиган экологик котёллар каби самарали ва барқарор ечимларни аниқлаш ва бу ечимларни иқтисодий сиёсат ва мақсадли дастурлар орқали илгари суриш учун тадқиқотлар ўтказиш керак бўлади.

Бундай комплекс ёндашувни қўллаш орқали Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматлари маҳаллий ўзига хосликларни ҳисобга олган ҳолда самарали ва арзон инвестицияларни амалга ошириши мумкин ҳамда бу барқарор иситиш тизимига ўтишни тезлаштиради, дея таъкидлаган Жаҳон банки таҳлилчилари.