Тошкент шаҳридаги Бобур кўчасини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти билан боғлайдиган ҳамда Содиқхўжа Толипов кўчасига чиқувчи ва тушувчи йўл ўтказгичлар қурилиши лойиҳаси доирасида 1422 туп дарахт кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда 26 сентябрь куни лойиҳа бўйича ўтказилган жамоатчилик эшитувида дарахтларни кўчириб ўтказувчи компания ва Экология вазирлиги вакиллари маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Лойиҳанинг биринчи босқичида 69 туп дарахт аэропорт яқинидаги боғга кўчириб ўтказилади. Октябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ҳужжатлаштириш ишлари бошланади. Унга қадар — икки ҳафта давомида аҳолининг фикри ўрганилади, мониторинг қилинади.

«Жами 1422 та дарахт бўлса, бу уларнинг ҳаммасини кўчиришга рухсат берилади, дегани эмас. Қандай турдаги дарахтларни кўчиришга зарурат бўляпти ва нима учунлигини ўрганамиз, жамоатчилик розилиги олинади. Улар орасидан 4 тупи кўп йиллик, қолганлари экилганига бир-неча йил бўлган арчалар. Бундан олдин одамлар, жамоатчилик нима дейди каби саволларга жавоб бериш учун ушбу эшитувни ўтказдик. Қаерга, қандай экади, барчаси очиқ, шаффоф бўлади», — деди экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев.

аэропорт яқинидаги йўл ўтказгич, дарахт кўчириш, экология вазирлиги

Унинг сўзларига кўра, вазирлик ҳар бир кўчиришга тушган дарахт ҳисобига 10 туп кўчат экиб бериш мажбуриятини қўймоқда. Мисол учун, биринчи босқичда 69 туп дарахт кўчирилса, қўшимча 690 туп дарахт экилади.

69 туп дарахтнинг 18 таси қрим қарағайи, 14 таси слива писарди, 11 таси каштан, 12 таси фарзиция, 8 таси ҳинд настарини, 2 таси чинор, 1 таси шумтол ва 3 таси павлония.

«Кўчириш агротехника қоидалари бўйича ўтказилади. Ҳозир дарахтларнинг сув ютиш жараёни тўхтаган, ёздан ўтиб олдик, бемалол кўчирса бўлади. 50−60 ёшли дарахтларнинг кўчириб ўтказишда зиён етмаслиги ва яшаб кетишига ҳам кафолат берамиз. Улар аэропорт яқинидаги боғга кўчирилади, айримлари яна жойига қайтиши ҳам мумкин. Ободонлаштириш ходимлари назоратида бўлгани учун бу ерда қуриган дарахтлар бўлмаган», — деди дарахтларни кўчириб ўтказишга масъул Унамак корхонаси раҳбари Фаррух Ҳакимов.

Компания раҳбари бу ҳолатда «дарахтлар 100 фоиз яшаб кета олишига ваъда бериб», шу пайтга қадар ишларининг 90 фоизи ҳолатда мувафаққиятли амалга ошганини таъкидлади.

«Амалиётимиз бўйича яқин атрофдаги аҳоли билан суҳбатлашиб, уларнинг розилигини олишимиз керак. Лекин бу атрофда аҳоли яшамайди. Шунинг учун, бугунги жамоатчилик эшитувини ташкил этдик. Бироқ хоҳлаган одам кўчириш жараёнини ўзи кўрмоқчи бўлса, экологларимиз билан бориб кўриши мумкин, рухсат берилади. Қўйган 3 йил муддатимиз ичида бирорта дарахт қуриб қоладиган бўлса, ҳар бир қуриган дарахт кесилгани билан тенглаштирилади ва ўзининг қийматидан 10 баравар оширилган зарарни ундириш чоралари кўрилади. Лекин амалиётда кўчириш қоидаларини бузиб, уни қуритиб қўйганлар ҳам бор. Биз шуни инобатга олган ҳолда олдин фуқаролар, жамоатчилик билан гаплашиб, кейин шунга қараб иш бошлаш тизимини йўлга қўйдик. Лойиҳа бир-неча йил олдин бошланган. У пайтда ҳозиргидек мораторий талаблари бўлмаган. Кейинчалик балки овозга қўйиш каби механзмлари яратилар, лекин бунга ҳали етиб келмадик», — деди Расул Кушербаев.

аэропорт яқинидаги йўл ўтказгич, дарахт кўчириш, экология вазирлиги

«Кўприкқурилишлойиҳа» унитар корхонаси Бобур Элмуродов лойиҳанинг бошқа вариантлари ўйлаб кўрилмаганини айтди. «Бўлганида ҳам одамларнинг уйига тушишга, мингдан ортиқ дарахти бор ўрмонга тушишга тўғри келарди», — деди у.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, лойиҳа 2024 йил охирига қадар битиши, биринчи босқичи эса октябрь охири — ноябрь ўрталарида тугаши кутилмоқда ва унинг умуми қимайти 463 млрд сўмни ташкил қилади.

Аввалроқ «Газета.uz» йўл ўтказгични реконструкция қилиш ишлари борасида батафсилроқ маълумот берганди.