Беларусь президенти Александр Лукашенко 25 сентябрь куни мамлакат фуқароларига учувчисиз аппаратларни давлат ҳудудига олиб кириш, сақлаш, сотиш, ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни тақиқловчи фармонни имзолади.

Ҳужжатга кўра, фуқаролик дронларидан фойдаланишга фақат юридик шахслар ва ташкилотларга, «тадбиркорлик ва профессионал фаолият» доирасида рухсат этилади.

Ташкилотлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар фуқаролик дронларини мамлакатга олиб кириш учун Транспорт ва коммуникациялар вазирлигининг Авиация бошқармасидан тегишли рухсатнома олиши зарур.

Фармонда юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга тегишли бўлган фуқаролик учувчисиз учиш аппаратларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган ахборот тизимини яратиш ҳам назарда тутилган.

Фуқароларга ўзларига тегишли бўлган дронларни ташкилотларга сотишлари ёки уларни «ҳукумат томонидан белгиланган ваколатли ташкилот»га сақлаш учун топширишлари учун 6 ой вақт берилган. Булар қандай ташкилотлар экани бўйича эса маълумот йўқ.