Ўтган ҳафта охирида лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосидаги 4 та ҳарфнинг янги шакли лойиҳаси эълон қилинди. У «шу пайтга қадар кўп мураккабликларни юзага келтираётган ҳарфлар ислоҳ қилиниши»ни кўзда тутиши таъкидланди. Лойиҳада O‘ o‘ ни Õ õ га, G‘ g‘ ни Ğ ğ га, Sh sh ни Ş ş га ва Ch ch ни C c га ўзгартириш кўзда тутилган.

Таклиф этилаётган янги алифбо. Унда ҳарфлар тартиби ҳам ўзгарганини кўриш мумкин.Таклиф этилаётган янги алифбо. Унда ҳарфлар тартиби ҳам ўзгарганини кўриш мумкин.

«Газета.uz» ушбу лойиҳани жамоатчилик қандай кутиб олгани акс этган мисолларни тақдим этади.

«Шунча кечикканимиз камми?»

Иқтисодчи Отабек Бакиров муҳокамаларни биринчилардан бўлиб бошлаб берди. «Дунёда алифбо борасида биз каби аросат (бахтсиз дегим келмади) миллат бўлмаса керак», дея таъкидлаган иқтисодининг фикрига кўра, бу ўзгариш энди бюджетга юклама, иқтисодий харажат бўлади, деган фикрлар сафсата.

«30 йилдаги аросат алифбодан, икки алифбода иш юритишдан ютқазиғимизни биров ҳисоблаб кўрдими?» дея савол қўйди блогер.

«Кеча шу ўзгаришлар эълон қилиниши билан дўстларимиздан бири Ҳамза Фозилжонов Исажон Султоннинг „Генетик“ романини таклиф этилаётган қолипга солиб кўрди. 100 бетлик роман 95 бетга жо бўлган. Кўраяпсизми, 5 фоиз иқтисод қилинмоқда. Бу нафақат қоғоз, энг қиммат нарса вақт ҳам. Шу эмасми иқтисод қилиш?» — деб ёзади Бакиров.

«Бу — ҳаммамизга керакли ўзгариш»

Журналист Илёс Сафаровнинг ёзишича, «бугун олимларимизнинг, тил жонкуярларининг боши бирикди, фикри бир жойдан чиқди ва шу хатони бизга тўғрилаб беришмоқчи».

«Келинг, ишни эгаларига, профессионалларига ишонайлик. Бу ерда порахўрлик йўқ, бу ерда таниш-билишчилик йўқ, бу ерда манфаат, бу ерда амалдорлик йўқ. Бу ерда олимлик, зиёлилик бор. Ишонинг, ўзгартиришларда сизни қизиқтираётган барча савол, қулайлик, ноқулайлик ҳисобга олинган. Ўзи ўтган йиллар давомида бу масалада гаплашилмаган гап қолмади ҳисоб. Кечаги конференцияда ҳам ҳаммаси яна бир бор қайтарилди, гаплашиб олинди», — деб ёзади у.

Журналист энди навбат уни одамларга тушунтириш, асослашга эканини таъкидлади. «Хавотир олманг, ҳаммаси шунчаки қабул бўлиб кетмайди, асослантирилади, ўргатилади… ўзим ҳам ана шу ўзгаришлар ҳақида катта бир дастур тайёрлаяпман», — дея қайд этган Илёс Сафаров.

t.me/haqiqatdaIlyost.me/haqiqatdaIlyos

У, шунингдек, алифбонинг ўзгартирилган ҳарфлари клавиатурада қандай жойлашиши акс этган суратни эълон қилди.

«Ўзгартириш учун мантиқий сабаб топа олмаяпман»

Яна бир иқтисочи Беҳзод Ҳошимов бу ҳақда ёзар экан, «бир авлод яна саводсизлашади», дея таъкидлади. Қуйида унинг постини келтирамиз.

«Менга ҳозирги лотин алифобоси қулай кўринади… Ўзгартириш билан муаммо — ниҳоятда катта транзакцион харажатлар деб ўйлайман. Яна бир авлод ундан олдинги авлод билан бошқа тилда ёзишади. Бу қиммат ва қийин нарса. Яъни қандай алифбомиз бўлса, ўша қолгани яхши. Ўзгартириш учун мантиқий сабаб топа олмаяпман. Тиллар бор, масалан француз тили — 8 та ҳарф ёзилиб, иккитаси ўқилади, ёзиб келишяпти 200 йилдан бери. 5 фоизлик иқтисод аргументига қўшилиш ниҳоятда қийин. Айниқса, бунинг ютқазиш харажатлари — бир авлод яна саводсизланишини ҳисобга олсак… 30 йилдан бери катта бўлиб келган авлод, мен тенги ва мендан кичик камида 15 миллион одам ўқиган алифбосини бу косметик ўзгариш учун яна бошидан алмаштириш фикрига қўшилмайман. Ёки мен ўзгариш афзаллигини тушунмаяпман, ёки ўзгартириш тарафдорлари ўзгариш билан боғлиқ энг асосий транзакцион харажат — миллионлаб одамларни ўрганган алифбоси уларни саводсизлаштириб қўйишини инобатга олишмаяпти», — дейди иқтисодчи.

«Бу вариант халқни саводсиз қилмайди»

Ҳуқуқшунос, блогер, ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари Хушнуд Худойбердиев эса таклифни қўллаб-қувватлашини билдирди.

«Алифбодаги айрим камчиликлар уни амалиётга тўлақонли татбиқ этишга тўсқинлик қилмоқда, технологик муаммолар келтириб чиқармоқда. Ҳозирги лойиҳа ушбу муаммоларни бартараф этади. Ва, асосийси, таклиф этилаётган вариант халқни саводсиз қилмайди, яъни ўзгариш сабабли одамлар ҳарфларни танимай қолмайди, 4 та ҳарф қатнашган ёзувни бемалол, ҳеч бир муаммосиз ўқишда ва ёзишда давом этаверади… мана шу вариантни якдиллик билан қўллаб-қувватлаш ва ишни ҳуқуқий томондан охиригача етказиш керак. На уёқли, на буёқли бўлиб, аросатда юриш фақат ва фақат тилимизга зарар келтиради. Шахсан мен ушбу таклифни тўлиқ қўллаб-қувватлашимни билдираман», — дея таъкидлайди Хушнуд Худойбердиев.

У, шунингдек, дарсликлар, ID карта ва бошқа расмий ҳужжатлар, пулни чоп этиш кабилар ўз вақти етгандагина алмаштирилиши, бунинг учун ҳозир харажат қилинмаслиги ҳақида ёзди. «Савод тушиб кетади, деган гаплар ҳам алдамчи қўрқув. Ёки юқоридаги матнни ўқишга қийналдингизми?» — дея қўшимча қилди блогер ўзининг янги кўринишдаги алифбода ёзган постига ишора қилган ҳолда.

«Янги харажатлар. Янги чалкашликлар»

Блогер Мирзаёр Эркинов (Мирзо Зоминий)нинг қайд этишича, бу яна сарсонгарчиликларни келтириб чиқариши мумкин.

«Ўта шахсий фикрим — шунча вақт лотинга ўтишни эплолмадик. Кўплаб соҳаларда ўзбек тилида ёзишни энди ўрганиш, унга нисбатан муносабат яхшиланаётганида янги алифбо бора-бора кўникиб, ўрганаётганларни узоқларга итғитиб юборади. Маркетинг соҳасидаги бир неча йиллик кузатувларимдан келиб чиқиб айтаманки, алифбонинг янги ҳарфларини татбиқ этиш, ёйиш учун реал сиёсий ирода, аниқ ишлайдиган, самарали воситалар борлигига кафолатлар бўлмаса, харажат қилаверамиз, яна ўртасарсон бўламиз», — дейди блогер.

«Гап фақат харажатдан қочишда эмас»

Таълим эксперти Комил Жалилов лойиҳани қўллаб-қувватлаётганлардан шу «ислоҳот»нинг заруратини тушунтириб беришни сўрамоқда.

Ҳозирги алифбо идеал эмас, мукаммал эмас. Лекин шу пайтгача лотин ёзувига тўлиқ ўтмаганимиз сабабини бошқа жойдан қидириш керак, алифбонинг номукаммаллигидан эмас. Балки олдин давлат тилига тўлиқ ўтиш масаласини ҳал қилармиз? Ҳозирги алифбо технологиялар учун муаммо туғдиряптими? Муаммо айнан нимада ва унинг алифбони ўзгартирмасдан ечиш йўллари қидириб кўрилдими, тадқиқ қилиндими? — деб ёзади у.

«Гап фақат харажатдан қочишда эмас. Биз аслида хатони 1993 йилда, ундан кейин 1995 йилда қилиб бўлганмиз. Мисол учун, 1995 йилда кимдир „бургага аччиқ қилиб кўрпани ёққанида“ (1993 йил қабул қилинган қонунга ҳеч қандай тузук-қуруқ асос ва тадқиқотларсиз ўзгартириш киритишни таклиф қилганда) ўша пайтда „тепа“ айтган „любой“ нарсани оқлаб берадиганлар оқлаб беришган, „ҳозир келаётган“ депутатларимиз ёқлаб беришган. Ҳозир шу хатони қайтармоқчимиз. Мен таклиф қилинаётган ўзгаришларда на илм ва на мантиқ нуқтаи назаридан асос кўрмаяпман», — таъкидлайди Комил Жалилов.

«Тўрт ҳарфнинг ўзгариши ислоҳот эмас»

Филолог, болалар ёзувчиси Саъдулло Қуроновнинг қайд этишича, мазкур лойиҳа билан «мавжуд муаммонинг бир қисми ечилмоқда, холос».

Буни балки техник тузатиш деб аташ мумкиндир, билмадим… Менга қолса, ўзбекнинг нутқидан келиб чиқиб «ҳ» ва «х» товушлари учун фақат битта ҳарф жорий этган, тутуқ белгисини эса бутунлай олиб ташлаган бўлардим. Яъни талаффузимизда деярли йўқ бўлиб кетган «нг» товушини ҳам киритмасдим. Мен учун энг яхши ва қулай алифбо шу. Фақат шундай ўзгаришлар бўлсагина, ислоҳот дейиш мумкин, деб ўйлайман", — деб ёзади у.

«Ташқарида ХХI аср, ҳурматлилар!»

Журналист, филолог, адлия вазирининг тил масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатованинг таъкидлашича, лойиҳа яна кун тартибига чиққани, «ўлик нуқта»дан силжигани қувонарли.

«Бу сафар олимлар ва зиёлилар (анжумандагилар) ва ниҳоят муроса нуқтасини топишгандек, таклиф этилган лойиҳа „концептуал маъқулланди“. Албатта, айрим қизишишлар ҳам бўлди. Ижтимоий тармоқларда эса яна баҳс қизимоқда (одатдагидек). Лекин савод 4 тагина белгининг ўзгариши туфайли йўқолиб қолса, у қандай савод? Аndroid`дан iOS`га 3 кунда кўникадиган одамлар алифбодаги 4 та белги ўзгаришига кўникишолмас экан, саводсиз бўлиб қолишармиш. Ташқарида XXI аср, ҳурматлилар! Ўзига келганда арзимас жузъий ўзгаришларни ҳам истамай, бошқалардан ислоҳот кутиш қанчалик тўғри? Биз курашаётган нарса — ўзгаришлардан қўрқув, қолган аргументлар шу илдиздан ўсиб чиқяпти, деб ўйлайман. Ислоҳотчилар ислоҳотдан қўрқмаслиги керак! Алифбо ислоҳи керак. Умид қиламизки, энди бу масала ҳал бўлади!» — дейди Шаҳноза Соатова.

«Ҳарф териш қайтага осонлашади»

Тилшунос Ориф Толиб масаланинг ҳарфларни клавиатурада териш билан боғлиқ томонига тўхталди.

t.me/oriftolibt.me/oriftolib

«Ҳозирги муаммолар бартараф бўлади. Ҳарфлар битта тугмада чиқади. Расмда кеча ишчи гуруҳ таклиф қилган вариантни акс эттирдим. Ş ҳарфини бошқа жойга ҳам қўйиш мумкин. Масалан, enter`нинг чап томонидаги тугмага. Бу клавиатура учун терилма ясаб олиш муаммо эмас. Ҳозирги алифбо учун ҳам мосланган терилма бор, масалан. Windows ва Apple`га расмий сўров юборилса, улар кейинчалик янгиланишлар пайти ўзбек лотин клавиатурасини ўзгартириб қўяди. Компьютер клавиатурангизга бир қаранг. Унда кирилдаги ў, қ, ғ, ҳ ҳарфлари йўқ. Улар щ, ы, -, = белгилари ўрнига жойлаштирилган. Лотинда ҳам шундай бўлади», — дея тушунтиради у.

«Бир товушга бир ҳарф тамойили нореал»

Психолингвист Ирода Азимова бу мавзуни «ўта нозик» деб атади. У 2023 йилнинг февраль ойида ёзган фикрлари билан қайта ўртоқлашди.

«„Ўзбекистон тарихи“ каналида алифбо масаласи муҳокама қилиняпти. Тарихчилар унлиларнинг юмшоқ ва қаттиқ шакллари учун алифбода ҳарф бўлиши кераклигини таъкидлашди. Бу тилнинг гўзаллигини сақлаш ва авлодга етказиш зарурлиги, бу қадрият сифатида муҳим, бир товушга бир ҳарф тамойилидан келиб чиқиш керак, деган аргументлар келтиришяпти. Психолингвист сифатида бир товушга бир ҳарф тамойили нореал эканлигини айтмоқчиман. Ҳар бир товуш сўз ичида атрофини қуршаб турган товушлар таъсирида турлича талаффуз қилинади. Шунинг учун бир товушга бир ҳарф бўлиши табиий равишда имконсиз», — дейди у.

«Иккинчи масала, таълим масаласи. Ўзи шундай ҳам жамиятимизда болаларни ўзбек тилида таълим берувчи мактаблардан рус тилида таълим берувчи мактабларда ўқитиш иштиёқи кучли. Биз гўзал тилимизни ўргатайлик деб, унинг ҳозирги, кимларгадир гўзал туюлмаётган ҳолатини ҳам етказишдан маҳрум бўлиб қолишимиз мумкин. Чунки алифбони яна ўзгартириш яна беқарорлик дегани, яна саводхонлик тушиб кетади дегани… Учинчи масала, тил ҳар доим ўзгаради. Бунга турли омиллар таъсир қилади. Тилимизни мангуга ўзгаришсиз сақлаб қололмаймиз. Шундай экан, биз тил гўзаллигини сақлашдан кўра унда етказиладиган билимнинг қадрини ошириш ҳақида кўпроқ қайғуришимиз керак, деб ҳисоблайман», — дея таъкидлаган мутахассис.

«Тўлиқ лотин алифбосига ўтиш — шудир масала»

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев «алифбони эпақага келтириш — олдинда турган ишларнинг энг кичиги» эканини эслатиб ўтди.

«Ɉ ɉ ва Ñ ñ ни олиб ташлаб, 1993 йилги алифбомизга қайтишдан тўғрироқ ва мантиқлироқ йўл йўқ эди, менимча. Янгиўзбекистончасига айтганда, тарихий адолат тикланган бўларди, эҳтимол, олимларимизнинг ҳам анча-мунча қимматли вақти тежалган бўларди. Ҳозирги қабул қилиниш арафасида турган таклифлар эса, менимча, яқин 10−20 йилда алифбони яна ислоҳ қилиш эҳтиёжини юзага келтиради. Юзага келтирмаса, унда яхши. Алифбони эпақага келтириш — олдинда турган ишларнинг энг кичиги. Тўлиқ лотин алифбосига ўтиш — шудир масала. Масалан, Ўзбекистон 2010 йил 1 сентябригача янги алифбога тўлиқ ўтиб бўлиши керак эди», — деб ёзган журналист.