Август ойида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай туманидаги деярли барча раҳбарларни ишдан бўшатиб, уларнинг фаолиятини текшириш бўйича топшириқ берганди. Вилоят ҳокимлиги раҳбар кадрлар таркибини тўлиқ янгилаш ишлари («Қибрай тажрибаси») якунига етказилганини маълум қилди.

Депутат, нуроний ва фаоллардан таркиб топган махсус ишчи гуруҳ Қибрай туманида 20 кун мобайнида ҳокимлик ҳамда корхона ва ташкилотлардаги раҳбар ҳодимларнинг фаолиятини тўлиқ ўрганган. Лавозимига нолойиқ деб топилган кадрларни алмаштириш тўғрисида вилоят ҳокимлигига тавсия хатини киритган.

Бугунги кунда туман ҳокимлиги, корхона ва ташкилотлардаги 64 нафар раҳбар ходимдан 47 нафари лавозимидан озод этилиб, уларнинг ўрнига ёш, салоҳиятли кадрлар тайинланди. 17 нафар раҳбар кадр туман ҳокимининг кафолати асосида синов муддати билан лавозимида қолдирилди.

Бундан ташқари, туман ҳокимлигида ишлаб келаётган 19 нафар раҳбар эгаллаб турган лавозимидан озод қилинди, 10 нафари иш жойида синов муддати билан қолдирилди. Айни кунларда қолган лавозимларга муносиб номзодлар кўриб чиқилмоқда, дейилади хабарда.

«Ҳеч кимга амал никоҳлаб берилмаган. Мен кетсам, иш тўхтаб қолади, деган одам хато қилади. Қибрай туманида кадрларни ислоҳ қиламиз. Бу менинг ташаббусим эмас, президент топшириғи. Ер сотса, амал сотса, фалончининг одамиман деб ишга чиқмаса — қачонгача бундай бўлади. Бу ислоҳотларнинг бошланиши», — деди Зойир Мирзаев.

Раҳбар кадрлар таркибинининг ёш коэффициенти бўйича Қибрай тумани бугун вилоятда биринчи ўринга чиқди. Лавозимга тайинланганларнинг 25 нафари 25−35 ёшгача бўлган кадрлардир, дейилади ҳокимлик хабарида.

«Ишлай олса, замонавий фикрлай олса, атрофига команда йиғолса, ишлайди. Вақт ўтиши билан амалдан зерикса, у команда бўлмайди, „шайка“ бўлади: „сиз ўтираверинг, ўзимиз тинчитамиз. Мана иккита фуқаро қабулингизга келди, мен қайтариб юбордим“. Фуқарони туман ҳокимини олдига киритмай қайтариб юборган кадр — раҳбарнинг биринчи душмани бўлади. Ёзиб олинглар. Атрофингизда сизга „пахта қўядиган“ одамлар пайдо бўлгани, сизнинг амалдан зерикканлигингизга сигнал. Бу ерга олиб келган янги кадрларни ҳам ўзим кафил бўлиб олиб келдим», — дейди Зойир Мирзаев.

Эслатиб ўтамиз, Зойир Мирзаев туманда қарийб 20 минг фуқаро мигрант сифатида хорижда бўлиб турганини таъкидлаб, буни «Қибрай учун ярашмайдиган ҳолат» деб атаганди.