Ҳукумат қарори билан Ўзбекистонга импорт қилишда божхона божи ва қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС)дан озод этиладиган, ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик асбоб-ускуналар рўйхати кенгайтирилди.
Қарор президентнинг «Саноат ишлаб чиқаришида хомашё узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча қулайликларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Рўйхатга қуйидаги турдаги асбоб-ускуналар киритилди:
- насослар;
- ҳажмли қайтма-илгариланма компрессорлар;
- ғилдиракли, ҳаракатланадиган кўтарма фермалар ва потал юк ортгичлар;
- минора кранлари;
- тўқимачилик толаларини транспортировка қилиш учун пневматик кўтаргичлар ва конвейерлар;
- бошқа пневматик кўтаргичлар ва конвейерлар;
- товарлар ёки материаллар учун узлуксиз ишлайдиган бошқа ковшли элеватор ва конвейерлар;
- товарлар ёки материаллар учун узлуксиз ишлайдиган бошқа тасмали элеватор ва конвейерлар;
- товарлар ёки материаллар учун узлуксиз ишлайдиган бошқа роликли конвейерлар;
- товарлар ёки материаллар учун узлуксиз ишлайдиган бошқа элеваторлар ва конвейерлар;
- почта жўнатмаларини саралаш, тахлаш ёки конвертларга жойлаш ёки ўраб боғлаш учун машиналар, почта жўнатмаларини очиш, ёпиш ёки муҳрлаш учун машиналар ҳамда почта маркаларини ёпиштириш ёки ҳисобдан чиқариш учун машиналар;
- тамаки таёқчалари (стиклари)ни ишлаб чиқариш учун ускуна;
- ўзгарувчан ток генераторлари (номинал чиқиш қуввати 375 вКа дан 750 кВА гача);
- ўзгарувчан ток генераторлари (номинал ишлаб чиқиш қуввати 750 кВа дан юқори);
- юқори ҳароратли пайвандлаш учун бошқа машина ва аппаратлар;
- йўлсиз шароитларда фойдаланиш учун мўлжалланган, электромеханик трансмиссияга эга (дизель ва электр двигателлари ўрнатилган), юк кўтариш қуввати 50 тоннадан юқори бўлган юк машинаси (автомобиль самосвал);
- иссиқхона учун ускуна ва жиҳозлар.
Аввалроқ президент фармони билан Ўзбекистонга цемент, фанера, қолип ва бошқа қурилиш материалларини олиб кириш 2025 йилгача божхона тўловларидан озод қилинганди.