20 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Футбол ассоциациялари халқаро федерацияси (ФИФА) раҳбари Жанни Инфантино билан учрашув ўтказди.

Шавкат Мирзиёев Жанни Инфантинони 2023 йилги футбол бўйича аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионати муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади, дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Федерация раҳбари Ўзбекистонни 2024 йилда илк бор ФИФА шафелигидаги футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилиши билан табриклади ва унинг юқори савияда ўтказилишига муваффақиятлар тилади.

Шунингдек, Инфантино мамлакатда оммавий ва профессионал футболни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, замонавий инфратузилма ва таълим базасини яратиш борасида олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади, дейилади хабарда.

Учрашув давомида Жанни Инфантино Шавкат Мирзиёевга унинг исми туширилган футбол тўпини совға қилди.

жанни инфантино, президент, фифа, шавкат мирзиёев

Давлат раҳбари бундай аввал ҳам — 2023 йилнинг май ойида Ўзбекистонга ташриф буюрган ФИФА раҳбари билан учрашганди. Ўшанда ташкилот раҳбари Мирзиёевга унинг фамилияси туширилган 24-рақамли футболкани тортиқ қилган.