Коррупцияга қарши курашиш агентлиги тақдимномаси билан Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоевнинг ўзини 75 млн сўм билан рағбатлантириш бўйича қарори бекор қилинди.

25 август куни ҳоким захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан вилоят миқёсида «Энг ташаббускор сектор» деб эътироф этилган Қарши шаҳри 1-сектор раҳбарини, яъни ўзини рағбатлантириш харажатларига 75 млн сўм маблағ ажратиш тўғрисида қарор қабул қилганди. Эслатиб ўтамиз, вилоят, шаҳар ва туманлар 4 та секторга бўлинади, уларга ҳоким, прокурор, Солиқ бошқармаси/инспекцияси раҳбари ва Ички ишлар бошқармаси/бўлими раҳбари етакчилик қилади. Секторлар фаолият самарадорлиги кўрсаткичига кўра баҳоланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг қайд этишича, ҳоким қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига зид тарзда қабул қилинган. Нормўмин Холбоевнинг сектори вилоятда иккинчи ўринни эгаллаган, Вазирлар Маҳкамасининг 536-сонли қарорига биноан «Энг ташаббускор сектор» номинациясида ғолиб бўлган секторлар қуйидаги тартибда рағбатлантирилади:

  • 1-ўрин учун — БҲМнинг 200 баравари миқдорида;
  • 2-ўрин учун — БҲМнинг 150 баравари миқдорида;
  • 3-ўрин учун — БҲМнинг 100 баравари миқдорида.

Мазкур ҳолатда рағбатлантириш БҲМнинг 150 баравари миқдоридан (45 млн сўм) ошмаслиги ва Қашқадарё вилояти маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан берилиши масаласи маҳаллий кенгашлар тасдиғига киритилиши лозим эди.

Лекин амалда бу қарор кенгаш томонидан тасдиқланмаган ва рағбатлантириш суммаси белгиланганидан 3,33 марта кўпроқ бўлган.

Ҳолат юзасидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш тўғрисида тақдимнома киритди. Тақдимномага асосан 19 сентябрь куни Қашқадарё вилоят ҳокими Муротжон Азимов Қарши шаҳри ҳокимининг бу қарорини бекор қилди.

Шунингдек, мазкур ҳолатда қонун бузилишига йўл қўйган шахсларга тегишли қонуний чора кўриш учун агентлик томонидан тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратура ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигига юборилди.